АҚШда тўққиз ёшли бола беш кишини ўлдиришда айбланди
Иллинойс штатида яшовчи тўққиз ёшли бола бешта қотиллик, иккита ўт қўйиш ва битта оғирлаштирувчи ҳолатларга олиб келган ўт қўйишда айбланди. Бу ҳақда Peoria Journal Star нашрига берган интервьюсида штат адвокати Грег Мингер маълум қилди.
Нашрнинг хабар беришича, бола 6 апрель куни кўчма уйда ёнғин содир этган. Беш киши, шу жумладан уч нафар бола ҳалок бўлган. Икки киши жонини қутқариб қолишга муваффақ бўлган.
Ёнғин кечаси 11да бошланган. Ўт ўчирувчилар воқеа жойига етиб борганида, уй бутунлай олов билан қопланган бўлган.
Мингернинг айтишича, болага айблов қўйиш қарори унинг учун оғир бўлган.
"Бу фожиа, лекин жудаям ёш инсон энг оғир жиноятлардан бирида айбланмоқда", деди у.
Агар бола судланадиган бўлса, унинг ёши инобатга олиниб, беш йиллик синов муддати берилиши мумкин.