Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, республикада қулай инвестицион муҳит яратиш, шунингдек тадбиркорлик фаолиятига ғов бўлувчи бюрократик тўсиқларни бартараф этиш бўйича улкан саъй-ҳаракатлар амалга ошириб келинмоқда.

Президентнинг 2019 йил 5 февралдаги «Жаҳон банки ва Халқаро молия корпорациясининг «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида Ўзбекистон Республикасининг рейтингини яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4160-сонли қарори ҳам шу жумладандир.

Мазкур Қарорда Ўзбекистон Республикаси рейтингини 2022 йилга қадар 20-ўрингача кўтариш вазифаси белгиланган.

Афсуски, «Бизнес юритиш» йиллик ҳисоботида қурилиш-архитектура соҳаси энг муҳим индикаторлардан бири бўлишига қарамасдан, 2019 йилги натижаларга кўра мазкур соҳа бўйича Ўзбекистон 134-ўринни эгаллаган (Маълумот учун: Бизнесни рўйхатдан ўтказиш бўйича 12-ўрин, электр энергиясига уланиш бўйича — 35-ўрин, шартномаларни бажариш бўйича — 41-ўрин) бўлиб, бу кўрсаткич барча индикаторлар ичида энг паст натижа ҳисобланади.

Қурилиш-архитектура соҳасини ислоҳ қилиш, рухсат бериш тартиб таомилларини қисқартириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 майдаги «Архитектура ва қурилиш соҳасида давлат хизматлари кўрсатишнинг айрим маъмурий регламентларни тасдиқлаш тўғрисида»ги 370-сонли қарори катта қадам бўлди.

Бироқ, ваколатли давлат органлари, хусусан Тошкент шаҳар Қурилиш бош бошқармаси масъул ходимлари томонидан Президент томонидан олиб борилган ислоҳотларнинг туб моҳиятини англамасдан тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Масалан, пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани, Буюк Ипак йўли мавзеси, 45- ва 40-уйлар олдида жойлашган кўп қаватли автотураргоҳни савдо, маиший хизмат кўрсатиш мажмуаси ва офисга ихтисослаштириб, реконструкция қилиш эскиз лойиҳаси асоссиз важлар билан рад этилган. Бироқ, айнан шу объект эскиз лойиҳаси ҳеч қандай ўзгартиришларсиз келишиш учун қайта юборилганда мазкур мурожаат қаноатлантирилган.

Шу ҳолатда ўринли савол туғилади: нега энди биринчи марта келишиш учун тақдим этилган эскиз лойиҳа рад этилгану, иккинчи марта ҳеч қандай ўзгаришларсиз тақдим этилганда эскиз лойиҳаси тасдиқланган?