Ўзбекистон | 09:46 / 09.10.2019
6997
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда юк автомобиллари учун махсус пуллик автотураргоҳлар ташкил этилади

Фото: РИА Новости/Игорь Зарембо

Бугунги кунда Тошкент шаҳри ҳудудида юзага келган юк автомобилларининг ноқонуний турар жойларини тартибга келтириш йўналишида Транспорт вазирлиги томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, дейилади вазирлик маълумотида. 

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида вужудга келган ноқонуний тўхташ жойларининг барчаси ўрганиб чиқилди. Ўрганишларга кўра, ушбу жойларда аксарият ҳолларда турли шахслар томонидан ҳеч қандай рухсатсиз хизмат кўрсатилиб, ҳақ олинаётганлиги, антисанитария ҳолатлари мавжудлиги, ҳайдовчилар ва транспорт воситалар учун илк зарурий шароитлар йўқлиги аниқланди (транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш жойи, ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш жойи, ҳайдовчилар учун дам олиш жойлари, транспорт воситаларини ювиш жойлари ва ҳоказо).

Ушбу жойлар асосида ўрнатилган тартибда жиҳозланган (автомобилларни техник кўрикдан ва ҳайдовчиларни тиббий кўрикдан ўтказиш жойлари, ҳайдовчилар учун зарур шароитлар мавжуд), қўриқланадиган, аҳолига юк ташиш хизмати билан шуғулланадиган транспорт воситалари учун махсус пуллик автотураргоҳлар ташкил этиш масаласи бўйича Тошкент шаҳар ҳокимлигига таклифлар киритилди. Ҳозирги кунда ушбу таклифлар тегишли идора ва ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилаётгани айтилади.

Транспорт вазирлиги автомобиль тураргоҳлари, кэмпинглар ва бошқа йўл бўйи инфратузилма объектларни барпо этмоқчи бўлган тадбиркорларга ваколати доирасида ёрдам кўрсатишга тайёр эканлигини маълум қилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид