Жамият | 15:20 / 10.10.2019
18815
4 дақиқада ўқилади

«Бир нафар инспектор аввалги 5-6 назоратчининг ишини бажармоқда» — Самарқанд вилоят МИБ бошлиғи

Самарқанд вилояти Матбуот марказида Мажбурий ижро бюроси Самарқанд вилояти бошқармаси ходимлари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда МИБ вилоят бошқармаси бошлиғи Алишер Зокиров бошқарма фаолияти ҳақида ўзининг қисқача маълумоти билан ўртоқлашди.

Бюронинг вилоят бошқармаси тизимида бугунги кунда 1145 нафар ходим, шу жумладан, 612 нафар инспектор ва 185 нафар ижрочи фаолият кўрсатиб келмоқда.

МИБ ташкил этилганидан буён ҳозирга қадар биргина Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан энергия ресурслари, сув истеъмоли ва қаттиқ маиший чиқиндилар соҳасида 2,9 трлн. сўм ундирилди. Шундан табиий газ учун — 1,3 трлн. сўм, электр энергияси учун — 1,7 трлн. сўм, сув таъминоти учун — 103,7 млрд. сўм ва маиший чиқиндилардан тозалаш хизматлари учун — 14,7 млрд.сўм. Бу кўрсаткич, МИБ ташкил этилмасдан аввалги кўрсаткичга нисбатан 250 фоизга кўп.

2018 йилнинг 9 ойида энергия ресурслари ва ичимлик суви таъминоти ҳамда маиший чиқиндилардан тозалаш хизматлари учун умумий ундирилган маблағлар миқдори 820,8 млрд. сўмни ташкил қилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич 43,4 фоизга ошган ва қарийб 1,2 трлн. сўмни ташкил этган.

«Бир нафар МИБ инспектори аввалги тизимдаги 5-6 нафар назоратчининг ишини бажармоқда. МИБ ташкил этилганидан буён ўтган 2,5 йилда Самарқанд вилояти бошқармаси тизимида иш ҳажмининг кўплиги ва оғир шароитда ишлашни ҳоҳламаган 633 нафар ходим ўз хоҳиши билан ишдан бўшатилган», — деди А.Зокиров.

Шу йилнинг ўзида бюро ходимларига қаршилик кўрсатиш, яъни уларга жароҳат етказиш билан боғлиқ 7та ҳолат қайд қилиниб, айбдорларга қонуний чора кўрилди.

Ўтган 9 ойда ходимларнинг номуносиб хатти-ҳаракатлари юзасидан 231 нафар ходимга нисбатан жами 102та хизмат текшируви ўтказилган.

Бошқарма бошлиғи А.Зокиров МИБнинг Пайариқ туман бўлими бошлиғи З.Қосимов билан боғлиқ вазият юзасидан саволларга жавоб берар экан, раҳбарнинг бундай хатти-ҳаракатларини мутлақо оқламаслигини таъкидлаб, ҳолат бўйича хизмат текшируви олиб борилаётгани ва унинг якунлари ОАВга алоҳида маълум қилинишини билдириб ўтди.

Матбуот анжуманида аҳолининг нореал қарздорликлари масаласида ҳам савол тушди. Бошқарма бошлиғи ўринбосари Баҳодир Юсупов бу борада ўтказилаётган хатлов масалалари бўйича тушунча берди. Энергия сотувчи корхоналар томонидан хато ҳисоб-китоблар натижасида пайдо бўлган нореал қарздорликларга Бюро ходимлари томонидан аниқлик киритилиши айтиб ўтилди. Тушунтирилишича, шундай қарздорликларга эга аҳоли вакиллари томонидан зарур ҳужжатлар тақдим этилган ҳолда ушбу қарздорликлар умумий базадан ўчириб юборилади ва унинг яна пайдо бўлишининг олди олинади.

Б.Юсупов жорий йилда 176 миллиард сўмга тенг нореал қарздорликлар бекор қилинганини айтиб ўтди.

А.Зокировнинг қўшимча қилишича, кейинги йилларда ижро интизомининг намунали йўлга қўйилиши муносабати билан жорий ойларда сотилаётган энергия ресурслари учун тўловлар ўз вақтида йиғиб олинмоқда. Масалан, Самарқанд вилоятида бир ойда ўртача 47 миллиард сўмлик энергия ресурслари сотилса, сентябрь ойи режаси вилоятда 107 фоизга уддаланган. Бунда эски қарздорликларни ҳам ундириш ҳисобига бу кўрсаткичга эришилгани қайд этилди.

Шунингдек, А.Зокиров МИБ томонидан ижрочиларга ҳеч қандай кунлик йиғим режаси қўйилмаслиги, бироқ ҳудуддаги бир ойлик истеъмол прогнозидан келиб чиқиб, давлат инспекторлари ўзларига бириктирилган ҳудудда йиғим схемасини мустақил равишда ҳал қилишларини айтиб ўтди.

Бошқарма бошлиғи ўринбосари Учқун Бутунов суд ижро ҳужжатлари бўйича олиб борилаётган ишлар бўйича маълумот берди. Чунончи, энг йирик алимент Булунғур туманида ундирилгани ва унинг миқдори 156 миллион сўм бўлгани таъкидлаб ўтилди. Алиментларни ундириш борасида қилинаётган ишлар, чунончи МИБ ажрашган оилаларнинг ярашувида ҳам муҳим рол ўйнаётгани қайд этилди.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири

Фахриддин ҲОТАМОВ, тасвирчи

Мавзуга оид