Ўзбекистон | 19:08 / 11.10.2019
11915
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбек матбуоти мақтов ва тарғибот машинасига айлантирилганди» – Самарқандда ОАВ эркинлиги мавзусида халқаро конференция

«Танқид қилган ёки ҳақиқатни гапирганлар ёқмади, уларнинг овози ўчирилди ёки чет давлатга ишлайдиган айғоқчига чиқарилди».

11 октябрь куни Самарқандда Ўзбекистондаги ОАВ эркинлиги масалаларига бағишланган халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди.

Унда Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо қатор мамлакатларнинг Венадаги доимий вакиллари, Ўзбекистон давлат бошқаруви органлари мутасаддилари, журналист ва блогерлардан иборат жами 50 нафар иштирокчи қатнашди.

Конференцияда иштирок этган Kun.uz мухбирининг хабар беришича, тадбир ташкилотчиси – Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори Комил Алламжонов анжуман аввалида нутқ сўзлаб, хорижлик дипломатларга Ўзбекистонда сўз эркинлиги соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берган.

«Самарқандга хуш келибсиз. Ўзбекистонга куни кеча бошланган ташрифингиз доирасида мамлакатимизда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, гендер тенглигини таъминлаш борасидаги ишларимиз билан яқиндан танишдингиз. Рухсат берсангиз, бугун сизлар билан Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлигини таъминлаш борасидаги тадбирларимиз, махсус йўл харитаси ва унинг доирасида амалга оширган ишларимиз ва умуман бу соҳага нисбатан қарашларимиз билан ўртоқлашмоқчимиз.

Куни кеча Ютубда 1991 йилнинг октябрь ойида ўтказилган Ўзбекистон парламенти сессиясида депутатларимизнинг ютуқлари, уларнинг фуқаролик позицияларини кўриб қолдим. Ишонасизми-йўқми, мен бу видеотасвирда сўз эркинлигининг ҳақиқий ва самимий кўринишига гувоҳ бўлдим. Ўша пайтда 7 ёшли бола бўлганман, лекин айнан ўша давр бугун биз қураётган демократик фуқаролик жамиятининг бошланиши бўлган.

Аммо нима ҳам бўлдики, бу жараён узоққа чўзилмади ва тан олиб айтиш керакки, йиллар давомида Ўзбекистонда матбуотнинг роли ва ўрни жуда заифлашиб, у фақатгина мақтов ва тарғибот машинасига айланиб қолди. Танқид қилган ёки ҳақиқатни гапирганлар ёқмади, уларнинг овози ўчирилди ёки чет давлатга ишлайдиган айғоқчига чиқарилди.

Журналистика соҳасида аксарият битирувчилар бошқа соҳаларга ишга ўтиб кетди. Газета ва журналлар фақат мажбурий обуна ҳисобидан кун кечира бошлади. Афсуски, бизга ана шундай оғир мерос қолган эди.

 

2016 йил президент этиб сайланган Шавкат Мирзиёев бу соҳани жадал ривожлантириш, Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлигини таъминламасдан туриб, ислоҳотларни амалга ошириш мумкин эмаслигини, давлат органлари ходимлари халқ билан мулоқот ўрнатган ҳолда иш ташкил этишлари лозимлигини дадил таъкидлаб, матбуотни амалда тўртинчи ҳокимият даражасига кўтариш вазифасини қўйди.

Албатта, бу осон иш эмаслигини ва ўз-ўзидан бўлиб қолмаслигини сиз жуда яхши биласиз, деб ўйлайман. Маълумки, сўз эркинлиги қонун доирасида бўлиши ва жаҳонда ўрнатилган халқаро этика қоидаларига риоя қилинишини ҳам талаб қилади», – деди Алламжонов.

Мавзуга доир:

Комил Алламжонов: «25 йиллик цензурадан қутулган ўзбек матбуоти ҳаммани эсанкиратиб қўйди»

«Гарри Поттернинг сеҳрли таёқчаси фақат эртакларда бўлади» – АОКА директори ОАВ эркинлигини таъминлаш ҳақида

Мавзуга оид