Президент Администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасддан 1 ой ўтиб жиноятни содир этганлар ҳамда уларга буюртма берганларнинг 7 нафари ушланди. Асосий фигурант сифатида кўрилаётган Жавлон Юнусов Жанубий Кореядан ушлаб келинди. Шунингдек, бир гуруҳ амалдорлар жиноятни фош этишга тўсқинлик қилиб келгани ойдинлашди. ДХХ раиси Абдусалом Азизов, ДХХ Ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи Алижон Ашуров, унинг укаси – бош вазир ёрдамчиси Сарвар Ашуров, ИИВ Жиноят қидирув хизмати бошлиғи Аҳроржон Адҳамов ва Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев ишдан олинган.
Ўзбекистон президенти маъмурияти Ахборот сиёсати департаменти собиқ раҳбари Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан янги маълумотлар пайдо бўлди. Унда айтилишича, айбланувчилардан бири Жанубий Кореядан ушлаб келинган.
Иш назоратида бўлган Бош прокуратура суиқасддан бир ой ўтиб илк марта суиқасд ташкилотчилари Комил Алламжоновни ўлдиришга уринганини маълум қилди. Аввалги барча баёнотларда собиқ мулозим номи тилга олинмаган ва берилган ахборотлар ўта мавҳум эди.
Жавлон Юнусов ким?
Бош прокуратура ахборотида айтилишича, тергов жараёнида айбланувчилар хонадонлари ва машиналарида тинтув ўтказилган. Иш доирасида дастлаб 5 киши қўлга олиниб, уларга қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланган. Яна 2 киши қидирувга берилган.
Кейинроқ уларнинг иккиси ҳам топилган. К.С исмли шахснинг Қозоғистондаги яширинган манзили топилиб, у тергов қилинган.
Иш бўйича исми очиқ эълон қилинган ягона айбланувчи – Жавлон Юнусов. Бош прокуратура хабарида айтилишича, Юнусов Жанубий Кореяда қўлга олинган ва Ўзбекистонга олиб келинган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Жавлон Юнусов номи илк бор хорижий нашрларнинг Алламжоновга суиқасд бўйича суриштирувларида тилга олинганди. 36 ёшли Юнусов Интерпол орқали қидирувга берилган, кейин эса Жанубий Кореяда қўлга олинган. У фарғоналик бўлиб, рафиқаси корейс миллатига мансуб Наталя Фен экани маълум.
ОАВ маълумотига кўра, Юнусов суиқасд буюртмачиси ва ижрочилар ўртасида воситачилик қилган бўлиши мумкин.
У муқаддам Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168 («Фирибгарлик») ва 105 («Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш») моддалари бўйича бир неча бор судланган.
Очиқ реестрдаги ҳужжатларда Жавлон Юнусов Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган жами 18 та компания таъсисчиси эканини кўриш мумкин. Ҳозирда Юнусовга тегишли 15 та компания фаолият кўрсатаётгани ва уларнинг айримлари фармацевтика билан боғлиқ экани маълум.














