Бош прокуратура Президент администрацияси собиқ мулозими Комил Алламжоновга суиқасд юзасидан навбатдаги маълумотларни тақдим этди.
«Бош прокуратура томонидан Қибрай туманида Ўзбекистон Республикаси президенти администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжоновга нисбатан содир этилган қотилликка суиқасд қилиш билан боғлиқ жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тергов ҳаракатлари давомида ҳодиса содир бўлган жойни ва айбланувчилар бошқарувида бўлган автомашиналарни кўздан кечириш ҳамда улар истиқомат қилган хонадонларда ўтказилган тинтувларда ишга алоқадор бўлган ашёвий далиллар аниқланиб олинди.
Ўтказилган тергов ва тезкор–қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни содир этишга алоқадор бўлган жами 7 нафар шахс аниқланиб, 5 нафарига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди, шунингдек, 2 нафарига нисбатан қидирув эълон қилинган эди.
Қидирувда бўлган айбланувчи К.С.нинг Қозоғистон Республикасида яширинган манзили аниқланиб, унинг иштирокида тергов ҳаракатлари олиб борилди.
Шунингдек, қидирувда бўлган айбланувчи Жавлон Юнусов Жанубий Корея Республикасида қўлга олиниб, Ўзбекистонга экстрадиция қилинди», дейилади хабарда.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Бунгача нималар бўлганди?
Жорий йилнинг 26 октябр куни соат 1:40 атрофида Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги Ифор кўчасида икки нафар номаълум шахс ҳаракатдаги Range Rover русумли йўлтанламас автомобилга ўқотар қуролдан бир неча марта ўқ узиб, воқеа жойидан қочиб кетганди. Ҳужум нишони президент администрацияси ахборот сиёсати департаментининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов эди, у ва ёнидагилар жабрланмаган.
Бош прокуратуранинг 27 октябр кунги хабарида ўқ узганлардан бири гумонланувчи тариқасида ушлангани айтилганди. 28 октябр куни яна уч гумондор қўлга олингани маълум қилинди















