Жамият | 11:35 / 12.10.2019
16071
4 дақиқада ўқилади

МИБ Хатирчидаги воқеа юзасидан жиноий иш қўзғатилганини маълум қилди

Kun.uz сайтида жорий йил 19 сентябрь куни эълон қилинган «Хатирчида МИБ ходимлари аёл кишига куч ишлатгани ростми? Нега қарздорнинг қўшнисига тегишли қорамол қайтариб берилмаяпти?» сарлавҳали мақола юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилояти бошқармаси томонидан маълумот тақдим этилди.

«Жорий йилнинг 19 сентябрь куни Kun.uz сайтида эълон қилинган мақола юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Аниқланишича, бюронинг Хатирчи туман бўлими давлат ижрочиси И.Отақулов иш юритувидаги фуқаролик ишлари бўйича Кармана туманлараро судининг ижро варақасига асосан қарздор О.Қиличовдан ундирувчи «Ўзагролизинг» АЖ фойдасига 2 млн 382 минг 895 сўм қарздорликни ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати бўйича 2019 йил 10 сентябрда қарздорнинг Хатирчи тумани, «Қуччи» МФЙ, Олмазор қишлоғидаги яшаш хонадонига бориб, мол-мулкларини хатлаб, олиб кетаётган вақтда қарздорнинг турмуш ўртоғи Г.Мустафоева ҳокимият вакили ҳисобланган давлат ижрочисининг хизмат вазифасини бажаришига фаол қаршилик кўрсатиб, эгнидаги кийимларини йиртган ҳамда унга Хатирчи туман СТЭБнинг 2019 йил 19 сентябрдаги хулосасига кўра, енгил тан жароҳати етказган.

Хатирчи туман прокуратураси томонидан фуқаро Г.Мустафоевага нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Аксарият ҳолларда биз ҳуқуқларимизни талаб қиламиз-у, лекин ўз мажбуриятларимизни бажаришга тўғри келганда, пайсалга соламиз ёки бажаришдан бўйин товлаб, нотўғри қадам ташлаймиз.

Юқоридаги ҳолатда ҳам О.Қиличов қарздорликни ўз вақтида тўламасдан, ижро ҳаракатлари амалга оширилаётган жойдан кетиб қолиши ва турмуш ўртоғи Г.Мустафоева давлат ижрочисининг хизмат вазифасини бажаришига фаол қаршилик кўрсатишининг ҳуқуқий оқибатларини кўриш мумкин», – дейилади маълумотномада.

Аммо таъкидлаш жоизки, мазкур ҳолат юзасидан бир неча савол очиқ қолмоқда. Жумладан, жанжал оқибатида Г.Мустафоевага етказилган тан жароҳатлари ва у шифохонага олиб борилган вақтдаги аҳволини билиш мақсадида Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси бош травматологи Учқун Ҳаққулов билан суҳбатлашганимизда, у бемор шифохонага олиб келинганда шок ҳолатда ва беҳуш бўлгани учун бир кун жонлантириш бўлимида бўлгани, кейин эса травматология бўлимига ўтказилгани, унда чап билак соҳаси кўкарган ва ўнг болдир ташқи тўпиқ соҳасида шилиниш жароҳатлари бўлганини маълум қилганди.

Шунингдек, МИБ ходимлари олиб кетган қорамол қўшнисига тегишли эканлиги айтилганди. Буни қўшни хонадон эгалари ҳам тасдиқлаганди. Қолаверса, қорамол қарздорларга эмас, балки қўшнисига тегишли экани «Қуччи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан берилган маълумотномада ҳам кўрсатилганди. Бу маълумотномага маҳалла раиси, профилактика инспектори ва профилактика инспекторининг ёрдамчиси томонидан имзо қўйилган.

Умид қиламизки, очиқ қолаётган ушбу саволларга дастлабки тергов натижалари бўйича муносиб жавоблар топилади.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид