17:42 / 19.09.2019
13
29099
Хатирчида МИБ ходимлари аёл кишига куч ишлатгани ростми? Нега қарздорнинг қўшнисига тегишли қорамол қайтариб берилмаяпти?

Kun.uz сайтига Навоий вилояти, Хатирчи туманидаги «Қуччи» маҳалласида истиқомат қилувчи Гулором Мустафоева мурожаат қилиб, унга Хатирчи тумани Мажбурий ижро бюроси ходимлари куч ишлатишгани, натижада жароҳат олиб, шифохонада даволанаётганини маълум қилди.

Ушбу мурожаатни жойида ўрганиш мақсадида Хатирчи туманида бўлдик ва Г.Мустафоева билан учрашиб, унинг сўзларини тингладик. Бу вақтда унга шифохонадан уйига рухсат берилганига бир кун бўлган экан.

«Турмуш ўртоғим фермерлик билан шуғулланган. Айни вақтда ерни топширган. Аммо фермер хўжалигимиз лизингга техника харид қилингани учун қарз бўлиб қолган. 10 сентябрь куни кўчадан уйга қайтаётсам мажбурий ижро бюроси ходимлари томорқамизда боғлоқлик турган қўшнимизга тегишли қорамолни етаклаб кетаётган экан. Мен уларга бизда қорамол йўқлиги, шунинг учун томорқамиздаги беда ва ўтларни қўшнимиз қорамолига беришини айтдим. Афсуски, улар буни ёлғонга чиқарди. Аммо ҳақиқатан ҳам шундай эди. Шунда қўшнимга тегишли қорамолни олиб кетишларига қаршилик кўрсатдим. Бири силтади, бири эса ортимдан келиб ушлаганча итариб юборди. Шу ҳолатда ерга йиқилдим. Бироз ҳушимни йўқотдим. Одамлар тўпланди, ўзимга келиб уйга келдим ва яна ҳушимни йўқотдим. Сўнгра тез ёрдам чақириб шифохонага олиб кетишган. Бир кун жонлантириш бўлимида ётганимдан кейин травматология бўлимига олиб ўтишди. Бир неча кун даволандим ва кеча жавоб беришди. Аммо йиқилганимда бошим билан ерга урилганим учун бошимдан оғриқлар кетмаяпти. Шифокорлар бош мияни МРТда текширтиришим лозимлигини айтиб, йўлланма беришган. Аммо бунга ҳозир имкониятим ҳам йўқ. Шу авҳолга келишимга сабабчи бўлганлар жазосини олишини истайман», – дейди аёл.

Мустафоеванинг турмуш ўртоғи Обид Қиличев бизга бир йил давомида фермерлик билан шуғуллангани, мақбуллаштириш жараёнида фермер хўжалигига тегишли ерлар бошқа фермер хўжалигига қўшиб берилгани, лизингга техника олгани учун қарз бўлиб қолгани, МИБ ходимлари шу қарзни ундиришга келганида шу ҳодиса юз берганини билдирди.

Хўш, МИБ ходимлари олиб кетган, Г.Мустафоеванинг фаол қаршилик кўрсатишига сабаб бўлган қорамол аслида кимники эди?

Бу саволга аниқлик киритиш учун мурожаатчининг қўшниси, қорамолнинг эгаси дейилаётган хонадон эгалари билан гаплашдик.

«Ҳақиқатан ҳам бу қорамол бизга тегишли. Бу аёл ҳам қўшним, ҳам овсиним бўлади. Томорқамиз ҳам ёнма-ён. Буларда қорамол йўқ. Шунинг учун уларнинг томорқасидаги ўтларга боғлаймиз. Мажбурий ижро ходимлари бунга ишонмай, ҳали ҳам молимизни қайтариб бергани йўқ», – дейди М.Қиличева.

Қорамол қарздорларга эмас, балки қўшнисига тегишли экани «Қуччи» маҳалла фуқаролар йиғини раиси томонидан берилган маълумотномада ҳам тасдиқланган. Бу маълумотномага маҳалла раиси, профилактика инспектори ва профилактика инспекторининг ёрдамчиси имзо қўйган.

Маълумотнома Хатирчи тумани МИБга тақдим этилган бўлса-да, ҳозирча қорамол ўз эгасига қайтарилмаган.

Жанжал оқибатида Г.Мустафоевага етказилган тан жароҳатлари ва у шифохонага олиб борилган вақтдаги аҳволини билиш мақсадида Хатирчи туман тиббиёт бирлашмаси бош травматологи Учқун Ҳаққулов билан суҳбатлашдик.

«Бемор Гулором Мустафоева шифохонага олиб келинганда шок ҳолат ва беҳуш бўлгани учун бир кун жонлантириш бўлимида бўлди. Кейин эса травматология бўлимига ўтказилди. Унда чап билак соҳаси кўкарган ва ўнг болдир ташқи тўпиқ соҳасида шилиниш жароҳатлари бор эди. Ўзи маълумот беролмагани учун унинг яқинларидан сабабини сўраганимизда, бу тан жароҳатлари МИБ ходимлари томонидан етказилганини билдиришди», – дейди шифокор У.Ҳаққулов.

Мазкур ҳолат юзасидан МИБ ходимларидан ҳам изоҳ олиш истагини билдирганимизда Мажбурий ижро бюросининг Навоий вилоят бошқармаси мутасаддиси воқеа юзасидан иштирокчи ходимларга нисбатан хизмат текшируви тайинлангани ва якунига етганидан кейин аниқ маълумот берилишини билдирди.

Ўрганиш давомида маълум бўлишича, бу воқеа юзасидан Хатирчи туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётган экан.

Ушбу ҳолат юзасидан Хатирчи туман прокурори Нурмурод Авазов билан учрашдик. Шундай ҳолат юз берганини тасдиқлаган туман прокурори айни вақтда бу воқеа юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани, якуни бўйича ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилишини билдирди.

Kun.uz воқеалар ривожини кузатиб боради.

Бардошбек САМАД ўғли,
Kun.uz мухбири.

Мавзу
Kun.uz суриштируви
Kun.uz халқ мурожаатлари асосида жойларда бўлиб, муаммоларни ўрганмоқда ва холисона ёритмоқда.
Барчаси
Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top