Сўз эркинлиги – давлатнинг барқарорлиги учун энг муҳим институт
Якунланиб бораётган ҳафтада “Миллий Тикланиш” партияси лидери Алишер Қодировнинг интервьюсини таҳлил қилиб, ўйланиб юрдим. Қодиров жуда самимий ва ошкора гапирди, “Ўзбекистонда ҳали ҳокимиятни назорат қила оладиган партиялар йўқ” деди. Яна, “нормал партияларнинг йўқлигини асосий сабаби – диктатура эди”, “ҳатто ҳокимият партияси бўлган ЎзЛиДеП ҳам ҳокимиятни хизматкори холос, лекин назоратчиси эмас” деган қатъий фикрларни юмшоқ шаклда билдирди.
Кеча Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёеваларнинг Самарқандда ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти анжуманида Ўзбекистон яқин ўтмишига берган баҳоси ҳам юқори таҳсинга лойиқ. Муаммони ечими – тўғри диагноз қўйишдан бошланади. Уни устига, қанча кўп давлат мулозимлари вазиятга танқидий баҳо берса, жорий муаммоларни расмийлаштирса, шунчалик давлатнинг курси ушбу муаммоларни ечимига қаратилган бўлади. Мақсад, фақат олдинги маъмуриятни танқид қилиш эмас, балки жорий муаммоларни тан олиш, ва келажакка қаратилган йўналишни тўғри белгилаш муҳимдир. Давлат мулозимлари “сўз эркинлигидан чекинмаймиз, ортга қайтмаймиз” дейиши – ниҳоятда муҳим баёнот. Энди, бу баёнот давлатнинг устувор сиёсати бўлиб қолиши керак.
Яна бир қиёслов. Олдинлари Гулнора Каримова ва ёки бошқа юқори мулозимларнинг ФБ саҳифаларида одамлар танқидий ёки ишончсизлик руҳиятида фикр қолдиришдан қўрқишарди. Чунки давлатнинг энг қудратли репрессив органлари бундай одамларни назоратга оларди, уларни кузатарди, қора рўйхатга олиб, чорасини топиб жазоларди. Кейинги вақтларда Саида Мирзиёева, бошқа юқори давлат мулозимлари саҳифалари остидаги шарҳларни кузатяпман. Танқидлар, ишончсизликлар, кесатиқлар ниҳоятда кўп. Мен, давлат мулозимларига юзланиб айтаманки, танқидни жуда қаттиқ қабул қилманг. Сўз эркинлиги шундай нарсаки, уни жамиятнинг турфа қатламлари ҳар хил қабул қилади. Сизни юзингизга танқид қилишяптими - демак, мутафаккирлар назарида, сиз айни пайтда, юқори ҳурматга лойиқсиз. Чунки, сиздан қўрқишмаяпти, сизга бир томондан умид ва ишонч билан қарашяпти, сизни танқид қилиб – муаммоларни ечишингизни, одамларга ачиниш ҳисси билан қарашингизни кутишяпти.
Жуда кўплаб мутафаккирлар демократиянинг икки институтини алоҳида урғулашган, бу сўз эркинлиги ва ҳаққоний сайловлар. Мана шу икки институт ишлаб турса, давлат доимий трансформация бўлиб бораверади, ҳуқуқий давлатчиликнинг қолган институтлари шаклланиб, ривожланиб бораверади. Айни пайтда, сўз эркинлиги – давлатнинг барқарорлиги учун энг муҳим институт ҳамдир. Ўзбекистон сўз эркинлигини доимий сақлай олса, кейинги йилларда давлат ва жамият жиддий ўзгариб кетади. Чунки сўз эркинлиги – фақат муаммоларни айтилиши эмас, улар устида ўйланишни, ечиш йўллари изланишини назарда тутади.
Камолиддин Раббимов
Мавзуга оид
11:03 / 08.12.2020
Расмийлар нима демоқчи эди? Сўз эркинлиги бўйича тадбирдан махсус репортаж
18:59 / 21.12.2019
Сўз эркинлигининг ҳам чеклови борми? Халқаро экспертдан изоҳ
14:58 / 14.09.2019
«Сўз эркинлиги сўз ўйинига айлантириб юбориляпти» – сенатор ОАВ ҳақида
02:00 / 12.12.2018