25 ноябр куни Kun.uz’да АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев таҳририятни газ-свет муаммосини ёзгани учун огоҳлантиргани ҳақида хабар эълон қилинди. Шундан кейин турдош огоҳлантиришни бошқа интернет нашрлари ҳам олганини маълум қилди.

 Ўзбекистондаги хорижий дипломатлар, хусусан Буюк БританияАҚШ ва Германия элчилари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари АОКАнинг тақдимномаларидан таажжубини изҳор этди. Демак, ҳаракатларга қандайдир жўяли изоҳ зарур эди. Мана шу жўяли изоҳни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов давра суҳбатида ўқиб эшиттиргандек туюлди.

«Ўзбекистонда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устундир. Бу тамойил президент Шавкат Миромонович Мирзиёев аниқ таъкидлаганидек, ҳар қандай шароитда, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда ҳам қатъий амал қилади.

Аммо бу муаммонинг, яъни хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларининг нисбати ва боғлиқлигининг яна бир томони бор. Фуқаролик жамияти ва демократик институтлар инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлигини  амалда рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратади. Бироқ ушбу демократик қадриятлар барқарорлик асосларига путур етказиш, жамоат тартибини, амалдаги қонунларни бузиш учун баҳона ва имкониятга айланиб қолмаслиги керак. Нима демоқчиман, масалан сўнгги пайтларда айрим демократик давлатларда ҳам оммавий кайфиятнинг кескинлашуви натижасида ҳуқуқий тартибнинг бузилиши, тартибсизликлар, ўт қўйиш ва одамларнинг қурбон бўлишига гувоҳ бўляпмиз. Ўзингизга яхши маълумки, ушбу қонунбузарликларнинг барчаси демократик ҳуқуқ ва эркинликларнинг суиистеъмол қилиниши орқали содир этилган. Натижада биз табиий бир хулосага келдик: мамлакатнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва демократик ривожланиши фақат давлат  ҳамда жамиятнинг яқин ва конструктив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкин», — деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.