Жаҳон | 20:30 / 16.10.2019
2702
2 дақиқада ўқилади

Британияда Brexit ҳақидаги янгиликлардан “тўйганлар” учун мўлжалланган канал ишга туширилади

Британиянинг Sky News телекомпанияси 17 октябрдан Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши ҳақида янгиликлар ёритилмайдиган янги канални ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда телекомпания сайтида маълум қилинган.   

Телеканал душанбадан жумагача соат 17 дан 22гача фаолият олиб боради.

“Sky News Brexit-Free (Brexit’дан холи Sky News) – бу дадил қарор. Биз жамоатчилик фикрига охирги ҳафталар ва ойлар қулоқ тутиб, томошабинларимиз бундай форматдаги каналда ўзи учун қимматлироқ нарса топишларини тушундик”, деб айтган Sky News раҳбари Жон Райли.

Канал иқтибос келтираётган охирги сўровномаларга кўра, британияликларнинг учдан бир қисми Британиянинг Европа Иттифоқидан чиқиши бўйича тўхтамаётган баҳслар сабабли янгиликлар дастурини томоша қилмай қўйган. “Янги телеканал одамларга Brexit’дан бироз дам олишга, Вестминстер ва Брюссель ташқарисидаги муаммоларни тинглаш имконини беради”, деб айтган телекомпания раҳбарияти.

Sky News’да таъкидланишича, Brexit ҳақидаги янгиликлар асосий каналда ёритилиши давом этади.

Британиянинг Европа Иттифоқини тарк этиши 31 октябрга белгилаган. Британия парламенти бош вазир Борис Жонсон 19 октябргача Европа Иттифоқи билан Brexit бўйича келишувга эриша олмаса, унда Брюсселдан 3 ойлик муҳлат сўраши ҳақидаги қонунни қабул қилганди. Бироқ Жонсон Европа Иттифоқидан бундай нарсаларни сўрашдан кўра “оқова ариқда ўлишни” афзалроқ билишини айтган.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид