Ўзбекистон | 14:04 / 16.10.2019
8454
2 дақиқада ўқилади

Фуқароларнинг касаллик тарихи электронлаштирилиши мумкин 

Фото: Shutterstock

Ўзбекистонда фуқароларнинг касаллик тарихини электронлаштириш таклиф этилди. Тегишли петиция “Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида жойлаштирилган.

“Бугунги кунда юртимизнинг деярли барча шифохоналарда шифокор ҳузурига киришда бемор ўзи билан бирга қоғоз амбулатор картасини олиб кириши керак. Амбулатор картанинг қоғоздан қилиниши ҳам беморлар, ҳам шифокорлар учун кўпгина ноқулайликларни келтириб чиқаради ва қанчадан-қанча маблағ ва вақтни беҳуда сарфланишига сабаб бўлиб келмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи. 

Таъкидланишича, ушбу ноқулайликларни бартараф этиш ва Ўзбекистон тиббиёт соҳасида қоғоз тежамкорлигига эришиш лозим. Бунинг учун, Ўзбекистонда аҳоли сони кундан-кунга ортиб бораётганини ҳисобга олиб ва ҳар бир фуқаро учун алоҳида ID карта орқали кириладиган ва фуқароларнинг шахсий кабинетида маълумотлари шакллантириладиган махсус электрон маълумотлар базасини шакллантириш керак. Бу маълумотлар базаси ҳажми кўпайиб кетмаслигига ва серверлар ортиқча юкланиш билан ишламаслигига ёрдам беради. 

Шунингдек, лойиҳа ишга туширилган вақтдан бошлаб, яъни 40 ёшгача бўлган ҳар бир Ўзбекистон фуқароси ва ёш болалар, чақалоқлар мажбурий равишда 40 ёшдан катталар эса ихтиёрий равишда ушбу электрон маълумотлар базасидан рўйхатдан ўтказилиши ва кейинчалик рўйхатдан ўтказишни чақалоқ туғилган вақтдаёқ амалга оширишни туғруқхоналарда жорий қилиш керак. Ушбу лойиҳа жуда катта маблағ талаб қилишини ҳисобга олиб, рўйхатдан ўтишни ЭКИҲнинг ярим ёки кўпи билан бир баробари миқдорида белгилаш кераклиги айтилади.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Адлия вазирлиги томонидан фуқароларнинг касаллик тарихини электронлаштириш бўйича ишлар амалга оширилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди”, - дейилади петицияда.

Мавзуга оид