Технология | 08:48 / 16.10.2019
5714
2 дақиқада ўқилади

SpaceX орбитада қўшимча 30 мингта сунъий йўлдош жойлаштиришни режалаштирмоқда  

Фото: SpaceX

АҚШнинг SpaceX компанияси Starlink лойиҳаси доирасида Ер орбитасида қўшимча 30 мингта сунъий йўлдош жойлаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Халқаро электр алоқа иттифоқи вакилига иқтибос келтирган ҳолда SpaceNews интернет портали хабар берди.    

Шунда SpaceX’нинг жойлаштиришга рухсат берилган 11 мингта сунъий йўлдоши билан умумий йўлдошлари сони 40 мингтадан ошади. Бу эса орбитага илк сунъий йўлдош учирилган 1957 йилдан бери у ерда жойлаштирилган барча сунъий йўлдошлар сонидан (8,5 мингта) 5 марта кўпроқни ташкил қилади. 
  
Таъкидланишича, гап сунъий йўлдошларни 328-580 км баландликда жойлаштириш ҳақида бормоқда. Компания ўз режасини қандай муддатда амалга оширмоқчи эканига аниқлик киритилмаган. 

Starlink лойиҳаси юқори тезликдаги интернетга глобал кира олишни таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган. Ушбу лойиҳанинг илк босқичи – 800 та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиқиш 3,5 млрд долларлик сармояни талаб қилади. Барча 11 мингта сунъий йўлдошни олиб чиқиш ва фойдаланишга киритиш 10 млрд долларга айланади. Компания 2019 йил май ойида лойиҳа доирасида илк 60 та сунъий йўлдошни орбитага олиб чиққан.     

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид