Ўзбекистон | 14:00 / 16.10.2019
30984
2 дақиқада ўқилади

Япония янги императорининг тахтга ўтириши маросимида Ўзбекистондан Танзила Норбоева қатнашади

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Япония янги императорининг тахтга ўтириши муносабати билан ўтказиладиган тантанали маросимда Ўзбекистондан Танзила Норбоева қатнашиши мўлжалланмоқда. Бу ҳақда Сенат ахборот хизмати хабар берди.

2019 йил 16 октябрь куни Сенатда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева ва Япониянинг Ўзбекистон Республикасидаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фуджияма ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги ҳамкорликни, шу жумладан парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари муҳокама этилди. Парламент дипломатияси Ўзбекистон-Япония муносабатларини ривожлантиришда муҳим роль ўйнаши қайд этилди.

Японияга юксак даражадаги ташрифни ташкил этишга тайёргарлик кўриш муҳокаманинг муҳим мавзуси бўлган. Бу ташриф Ўзбекистон-Япония муносабатларини сифат жиҳатидан янги поғонага кўтаришга хизмат қилиши айтилади.

Шу билан бирга, Япониянинг янги императори Нарухитонинг тахтга ўтириши муносабати билан 22-23 октябрь кунлари Токиода ўтказиладиган тантанали маросимда иштирок этиш учун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоеванинг ташрифини ташкил этиш масалалари ҳам кўриб чиқилди, дейилади хабарда. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид