Ўзбекистон | 10:15 / 17.10.2019
5190
2 дақиқада ўқилади

Абдулазиз Комилов Нур-Султондаги форумда нималар ҳақида гапирди?

Фото: ТИВ ахборот хизмати

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Нур-Султон шаҳрида «Корея Республикаси – Марказий Осиё» 12-ҳамкорлик форумида иштирок этди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Корея Республикаси ТИВ раҳбарлари кўп томонлама формат доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари ва кўп қиррали мулоқотнинг мазкур механизмини мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Форумда сўзлаган нутқида Ўзбекистон ТИВ раҳбари мазкур формат фаолиятига кўпроқ аниқлик берувчи ва барча иштирокчи давлатлар манфаатидан келиб чиққан ҳолда минтақа мамлакатлари иқтисодиёти ва саноат салоҳиятининг барқарор ўсишига хизмат қилувчи мақсадли лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш зарурлигини қайд этган.

Жанубий Кореянинг техник стандартлаш, сув ресурсларини бошқариш, АКТ-ўқитиш, стартап-лойиҳаларни ривожлантириш жабҳаларидаги инновацион ишланмаларини ўрганиш ва жорий этиш, ёшлар сиёсати ва гендер тенглик соҳаларида тажриба алмашиш Марказий Осиёнинг барча давлатлари учун муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари форум қатнашчиларига 4 октябрда президент фармони билан тасдиқланган Ўзбекистоннинг 2019-2030 йилларда «яшил» иқтисодиётга ўтиш бўйича стратегиясининг мақсад ва вазифалари тўғрисида маълумот берди ва шу нуқтаи назардан мамлакат шерикларнинг ишлаб чиқаришга экологик тоза технологияларни жорий қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳаларидаги тажрибасини ўрганиш, мазкур йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканлигини эътироф этди.

Бундан олдин, 16 октябрь куни Қозоғистон пойтахтига келган Абдулазиз Комилов Корея Республикаси ташқи ишлар вазири Кан Гён Хва билан учрашганди.

Мавзуга оид