Урганч-Тошкент-Урганч йўналишидаги поезд сафари таассуротлари – ютуқ ва камчиликлар
Мақолада рейсларнинг жадвали, вокзаллардаги вазият, вагонларнинг ҳолати ва сафар давомида йўловчиларга кўрсатилаётган хизматлар сифати ҳақидаги хулосалар билан танишишингиз мумкин.
«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ – йўловчи ва юк ташиш бўйича мамлакатимизнинг энг йирик монополистларидан бири. Хўш, унинг хизматларидан фойдаланиш йўловчилар учун қанчалик қулай?
Урганч – Тошкент – Урганч йўналиши бўйича поездда қилган сафарим давомида кўрган-кечирганларим асосида бу саволга жавоб топишга баҳоли қудрат ҳаракат қилдим.
Шу ой иш юзасидан Урганчдан Тошкентга сафар қилишимга тўғри келди. Бунинг учун «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси хизматини танладим. Сўнгги 12 йилда биринчи марта поездда сафарга чиққаним боис, юз берган ўзгаришларни кузатиш ва баъзи хулосалар чиқариш мен учун қизиқ бўлди.
Хоразмдан Тошкентга етиб олишни истаган йўловчилар олдида бир неча вариантлар бор. Улар орасида поезд энг оммабоплигича қолмоқда. Асосий сабаблар – нархларнинг мўътадиллиги ва маиший қулайликка эгалиги.
Таққослашингиз мумкин, ҳозирги вақтда Урганч – Тошкент йўналиши бўйича самолётда парвоз қилиш учун камида 425 минг сўм тўлашингиз лозим бўлади. Агар автобусда йўлга чиқсангиз – 115 минг сўм. Хусусий таксичилар сизни талаб ва таклифдан келиб чиқиб 130-150 минг сўмга манзилга етказади. Поезднинг плацкарт вагонига эса 120-140 минг сўмга чипта олишингиз мумкин.
Бундан ташқари, вагонда сафар қилишнинг маиший қулайлиги ҳам бор – унда бемалол оёқни узатиб, ётиб, дам олиб кетса бўлади. Шу жиҳатдан олганда, поездда сафар қилиш автобус ёки таксидан кўра анча устунликка эга.
Аввало «Ўзбекистон темир йўллари» хизматларининг ижобий томонлари ҳақидаги хулосаларимни баён қиламан.
Хоразмдан Тошкентга қўйилган рейслар жадвалининг қулайлиги алоҳида эътирофга лойиқ. Кечга яқин поездга ўтириб, тахминан 14 соатдан кейин, эрталаб соат 7-00 атрофида Тошкентга етиб олиш мумкин. Бу эса ишга, ўқишга, шифохонага ёки бошқа юмуш билан отланганлар учун жуда қулай. Давлат идоралари, институтлар, поликлиникалар иш бошлагунга қадар, тонг билан манзилга етиб олиш мумкин.
Аксинча йўналишда – Тошкентдан Хоразмга қўйилган рейслар жадвали ҳам қулай. Поезд соат 20-30да йўлга чиқади. Яъни куни билан барча ишларни тугатиб, кечқурун бемалол вокзалга етиб олиш, поездга ўтириб, йўлга чиқиш мумкин. Жадвалнинг бундай тузилиши эрталаб Тошкентга бориб, куни билан зарур ишларни тугатиб, кечқурун яна поездга ўтириб, Хоразмга қайтиш имконини беради.
Вокзалга кириш ва поездга ўтириш учун 5-10 дақиқа вақт сарфлайсиз. Иккита пост орқали йўловчиларни ва багажни текшириш, рўйхатдан ўтказиш максимал даражада тезкорлик билан амалга оширилади. Текширувчилар ҳам хушмуомалалиги билан ажралиб туради. Албатта, бу ёқимли ҳолат.
Сафар давомида поезднинг ҳаракати силлиқ ва текис экани эътиборимни тортди. Сўнгги йилларда темир йўллар таъмирланиб, текисланиб, анча яхши ҳолатга келтирилган, поезднинг юқори тезликда ва бир текис ҳаракатланиши учун шароит яратилган. Бу ҳам йўловчилар учун қулай. Авваллари вагоннинг кучли чайқалиши натижасида кечаси ухлаш қийин бўлган ҳолатларни эслайман. Бугунги кунда бунга барҳам берилган.
Вагонга ўтирганингиздан сўнг тоза чойшаб, ёстиқжилд ва сочиқни целлофан пакетга ўралган ҳолда оласиз. Тўшак ва ёстиқлар ҳолати ҳам яхши. Вагонда самовар қайнаб туради. Қайнатилган сув ҳар доим бор. Сафарнинг бошидан охирига қадар чой, кофе дамлаб ичиш имконияти мавжуд. Сув тамом бўлиб қолиши ёки совиб қолиши каби ҳолатлар йўқ.
Мана шулар билан поезд сафаридаги жозибалар тугайди. Энди таъбни хира қилган камчиликларга тўхталамиз.
Ўзбекистон темир йўл вокзалларидаги перронлар – йўловчи платформалари жуда паст. Агар вагонга чиқмоқчи ёки ундан тушмоқчи бўлсангиз, тахминан 1,5 метр баландликдаги тикка зинадан фойдаланишингизга тўғри келади. Бу – кексалар, касаллар, ногиронлиги бор шахслар ва юкли йўловчилар учун жуда ноқулай ва хавфли. Дунёнинг замонавий вокзалларида перрон билан поезд бўсағаси сатҳи тенг қилинган – барчаси йўловчилар қулайлиги учун. Ўзбекистонда бундай перронни учратмаганман.
Тошкент «Жанубий темир йўл вокзали»даги бир ҳолат эътиборимни тортди. Ўзбекистоннинг энг катта вокзалларидан бирида поездлар қатнови кўплиги табиий. 3-4та поезд бир вақтнинг ўзида келса, 3-4та йўлда туриб қолади. Кейинги йўлларда турган поездларга қандай ўтиш мумкин? «Жанубий темир йўл вокзали»да бу муаммо ер ости йўли орқали ҳал қилинган. Яъни 2-3-4-йўлларда турган поездларга чиқиш учун жуда чуқур ва ноқулай бўлган ер ости йўлидан ўтиб боришингизга тўғри келади. Бу – тахминан 3-қаватга чиқиб-тушиш билан баробар.
Албатта, бу кексалар, касаллар, ногиронлиги бор шахслар, юки оғир йўловчилар учун жуда ноқулай. Бундай вазиятда ер ости йўлини эскалатор билан таъминлаш ҳам мумкин-ку? Ёки поездга фақат ёш, навқирон ва соғлом одамлар чиқадими?
Плацкарт вагоннинг санитария ҳолатини яхши деб бўлмайди. Йўловчилар вагонга кириб, жойларига ўтириб олганидан сўнг, бирпасда ҳавога чанг кўтарилди, одамлар йўтала бошлади.
Тошкентга боришда бир аёл қовоқ сомса еб, иккитасини орттириб, пакетга солиб, вагонда қолдириб кетган эди. Тасодифни қаранг, Урганчга қайтишда ҳам худди шу вагонга, шу жойга ўтирдим ва яна шу сомсаларни кўрдим. Кимдир тўшакнинг орасига тиқиб қўйган экан. Демак, вагон 13 соат давомида тозаланмаган экан-да?
Плацкарт вагон 54 йўловчи учун мўлжалланган бўлса-да, атиги 3-4та чойнак ва 10-15та стакан бор экан. Проводник (вагон кузатувчиси) йўловчиларга чойнак ва стаканлардан навбати билан фойдаланишни тавсия қилди. 54 йўловчи навбати билан чойнак ва стаканлардан фойдаланиб, чой ичса, вақт ярим тунгача оғиб қолади-ку?
Йўловчиларга пакетчали чой, қанд берилиши керак – уларнинг қиймати чиптанинг нархига киритилган. Аммо буни сўрасангизгина оласиз. Кичкина қошиқча умуман йўқ экан. Шакар чойни бармоғимиз билан аралаштирамизми?
Агар чойнак ва стаканлар, қошиқчалар етишмовчилиги бўлса, нега бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилмайди – масалан, чипта сотиш пайтида? Ўзимиз билан чойнак, стакан, қошиқча олиб чиқардик. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси йўловчилар сафар давомида нималарни бепул олиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотни вагонга осиб қўйса яхши бўларди.
Сафар бошида вагоннинг ичи иссиқ ва дим эди. Шу туфайли кўрпа (одеяло) шартмас, чойшабни ёпиниб, бемалол ухлайман деб ўйладим. Кейинроқ эса бундан қаттиқ афсусландим. Тунда вагондаги ҳарорат тушиб кетди. Совуқда ухлаб бўлмади, чойшаб билан ёпиниб ҳам исиниб ололмадим.
Бу менга ўзига хос дарс бўлди ва Тошкентдан қайтишда проводникдан кўрпа сўрадим. Аммо у вагонда 3-4та кўрпа борлигини, у ҳам тарқатилганини айтди. Фақатгина поезд бошлиғини чақиришни, йўловчиларни кўрпа билан таъминлашни, акс ҳолда чипта учун тўланган пулнинг бир қисмини қайтариб беришларини астойдил талаб қилганимдан сўнг, проводник бошқа вагонлардан 10-15та кўрпа йиғиб келиб, болалар ва аёлларга тарқатди. Қолганлар тунда совуқда ухладилар.
Нега 54 йўловчига мўлжалланган вагонда атиги 3-4та кўрпа бор? Ахир тунда, совуқ тушганида одамлар қандай ухлайди? Вагонда ёш болалар, аёллар, кексалар бор эди. Уларнинг орасида касаллар, ногиронлиги бор шахслар бўлиши мумкин. Одамлар совуқда шамоллаб қолиши, касали зўрайиши мумкин-ку?
Деярли ҳар биримизда мобил телефон бор. Одамлар поездда телефон орқали гаплашиб, ижтимоий тармоқларда мулоқот қилиб кетишади. Болалар вақтни ўтказиш учун телефонда ўйнаб ўтиришади. Баъзилар куни билан иш ва юмушдан сўнг поездга чиқишган. Табиийки, телефонлар қуввати анча пасаяди. Аммо вагонда фақат иккита розетка бор холос.
Бири ҳожатхонада (электр устаралар учун мўлжалланган), иккинчиси самоварнинг ёнида (зарур ҳолларда электр чойнакда сув қайнатиш учун). Улар мобил телефонларни қувватлантириш учун мўлжалланмаган. Аммо одамлар барибир улардан фойдаланишга уринишди, навбат ва тортишувлар юзага келди.
Нега йўловчилар учун мобил телефонларни қувватлаб олишга шароит яратилмаган?
20 йил олдин «Россия темир йўллари» хизматидан фойдаланганман. Демак менда қандайдир таққослаш имконияти бор. Вокзалдаги перрон поезд бўсағасининг сатҳи билан тенг бўлган. Ортиқча уринишсиз, бир қадам ташлаб, вагонга чиқиб оласиз. Вагон ичи озодалиги билан ажралиб турган. Проводник ҳар ярим соатда йўловчилардан хабар олиб, чой ва қанд борлиги билан қизиқиб турган. Вагонда поезд йўналишининг жадвали осиб қўйилган эди. Соат нечада қайси станцияга бориши ёзиб қўйилган. Бирорта «қуён» вагонга чиқарилмаган.
Менга Тошкент сафари давомида ҳамроҳ бўлган йўловчиларнинг айтишича, ҳозирги пайтда «Россия темир йўллари» поездларида ҳар ярим соатда вагон поли тозалаб туриларкан. Бундан ташқари, столчалар остида розеткалар бўларкан, йўловчилар мобил телефонларини бемалол қувватлантириб оларкан. Бу гапларнинг қанчалик тўғри ёки нотўғри эканига баҳо беролмайман.
Умуман олганда, темир йўл орқали саёҳат қилиш менга маъқул келди. Насиб қилса, кейинги сафарларимда ҳам «Ўзбекистон темир йўллари» хизматидан фойдаланаман ва таассуротларим ҳақида янги мақолалар билан ўртоқлашаман.
Нурмуҳаммад Саид
Мавзуга оид
10:47 / 08.11.2024
Тошкентда айрим кўчалар ёпилиши ҳақидаги хабарлар рад этилди
16:17 / 07.11.2024
“Тошкент шаҳри атрофидаги иссиқхоналарнинг 60 фоизи кўмир, резина шиналар ёқяпти” – Экологик партия
15:37 / 07.11.2024
Хоразмда кийим-кечак бозорида ёнғин содир бўлди
20:44 / 06.11.2024