Иқтисодиёт | 18:17 / 23.10.2019
18719
3 дақиқада ўқилади

МБ доллар сотиб олаётганлардан нега паспорт сўралишига изоҳ берди

Валюта харид қилишда паспорт талаб қилиниши – халқаро тажриба бўлиб, бу жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши чоралардан бири саналади.

«Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги қонуннинг янги таҳрири қабул қилинганлиги муносабати билан Марказий банкда матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Унда қатнашган Kun.uz мухбирининг: «Банкларнинг валюта айирбошлаш шохобчаларида 100 долларгача хорижий валюта харид қилиш учун паспорт талаб қилинмайди. Нима учун айнан 100 доллар? Бу миқдор жуда кам эмасми? 100 доллардан ортиқ валюта сотиб олинганида паспорт талаб этилади. Умуман паспорт маълумотларининг олиниши нима учун керак?» деган саволига Марказий банк раиси ўринбосари Бобур Абубакиров жавоб берди.

«Бу бўйича жуда кўп тортишувлар бўлган. Халқаро тажрибадан келиб чиқдик.

Авваламбор, биз бир нарсани эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Ўзбекистон 2017 йилдан бошлаб охирги 2,5 йил давомида бозор шароитларида ишлашни бошлади. Бу дегани – либераллаштириш, ислоҳотни энди бошлаб, қадам-бақадам кетяпмиз.

100 доллар дегани бу миқдор 50 йил давомида 100 доллар бўлиб қолади дегани эмас. Тажрибадан келиб чиқиб, ўтказилаётган амалиётларнинг ҳажмидан, унга бўлган талабдан келиб чиқиб, сумма кўтарилиши ҳам мумкин.

Нима учун юз (доллар – таҳр.) эканини айтишим мумкин. Ҳозирда банкда валюта айирбошлаш операцияларининг қарийб 30-40 фоизгача қисмини 100 долларгача бўлган маблағ олди-сотдиси ташкил қилади. Бу – жуда катта улуш.

Яъни, агар биз жисмоний шахсларга шу нарсани берсак, қулайлик, шарт-шароит яратган бўлар эдик. Биз мавжуд статистика, таҳлиллардан келиб чиқдик. Бу – бир. Иккинчиси, боя айтиб ўтилганидек, халқаро тажриба.

Энди идентификациялаш, паспорт нима учун керак, деган саволга келсак. Ўзбекистон жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга қарши кураш бўйича FATF ташкилотига аъзо. Аъзо бўлинганидан кейин тижорат банклари ҳами маълум бир миқдордаги операцияларни ўтказаётганда хоҳласа-хоҳламаса ҳар бир мижозини идентификация қилиши керак. Идентификация қилиниши талаб этиладиган нарса. Бу – халқаро тажриба. Фақат Ўзбекистондагина эмас, бутун дунёда бор нарса», – дея изоҳ берди Абубакиров.

Марказий банк раиси ўринбосари, шунингдек, «қора бозор»га қандай барҳам бериш мумкинлиги ҳақида гапириб, валютага дахлдор 70га яқин қонуности ҳужжатлари қайта кўриб чиқилишини маълум қилди.

Мавзуга оид