Ўзбекистон | 11:05 / 23.10.2019
15130
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон АҚШга экспорт ҳажмини 1,5 млрд долларга ошириш бўйича таклиф билан чиқди

Фото: Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги матбуот хизмати

Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов АҚШ савдо вазири Уилбур Росс билан учрашди. Бу ҳақда вазирлик сайтида хабар қилинган.

Учрашув давомида АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ўзаро савдонинг жорий ҳолати ва товар айланмасини оширишнинг истиқболли механизмлари юзасидан фикр алмашилди. 

Мулоқот давомида ўзбек делегацияси томонидан ўзаро савдони ривожлантириш борасида Ўзбекистоннинг АҚШга амалга ошираётган экспорт ҳажмини 60 турдаги маҳсулотлар номенклатураси ҳисобига 1,5 млрд. долларга ошириш бўйича таклифи Америка томонидан ўрганиб чиқиш учун қабул қилинди. Экспортбоп маҳсулотлар ҳажмлари акс эттирилган рўйхат АҚШ Савдо вазирлигининг раҳбариятига кейинчалик савдо битимлари ва шартномалар устида ишлаш мақсадида топширилди.

Америкаликлар таклиф этилган маҳсулотларга нисбатан Америка бозоридаги эҳтиёжни чуқур ўрганишга ва ўзбек ишлаб чиқарувчиларини Америка бозорига олиш чиқишига кўмаклашишга тайер эканлигини билдирдилар.

Шунингдек, учрашув доирасида Марказий Осиё минтақаси мамлакатлари ва АҚШ ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик даражасини ошириш учун давлатлараро алоқаларни ташқи иқтисодий ва ташқи савдо фаолияти учун масъул бўлган вазирлар даражасида «C5+1» форматидаги платформа ташкил этиш таклифи баён этилди.

Учрашув давомида Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишига АҚШ томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш масалалари алоҳида муҳокама қилинди.

Учрашув якунида ўзаро савдони жадаллаштириш ва масалаларни тезкорлик билан ҳал этишга қаратилган доимий биргаликдаги фаолиятни таъминлаш мақсадида Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳамда АҚШ савдо вазирлигининг юқори даражали экспертларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Мавзуга оид