Жаҳон | 23:35 / 24.10.2019
13657
2 дақиқада ўқилади

Ангела Меркелга суиқасд тайёрланган - ОАВ

Германия канцлери Ангела Меркелга суиқасд тайёрланган бўлиши мумкин. Буни 2016 йилда Берлиндаги ярмарка вақтида теракт содир этган Анис Амри амалга оширмоқчи бўлгани эҳтимол қилинмоқда.

Фото: Reuters

Бу ҳақда Германия жиноий полицияси федерал бошқармаси тергови натижаларига иқтибос келтирган ҳолда germania.one нашри ёзди.

Тергов маълумотларига кўра, Тунис фуқароси бўлган Амри Берлиндаги терактдан 7 ҳафта олдин Германия девонхонаси олдида селфига тушган. Суратлардан бирида Меркелга тегишли ишчи хонанинг ойнаси тасвирланган бўлган.

Бундан ташқари, полиция Амрининг телефонида унинг Меркелнинг уйи ёнида тушган суратларини аниқлаган. 

“Террорчи Германия канцлери ортидан кузатув олиб борган”, дейилган хабарда.

2016 йил 19 декабрда Берлинда юк машинаси Рождество ярмаркаси ўтаётган ҳудудга кириб бориб, одамларни боса бошлаган. Ҳайдовчи 50 метрча юриб ўтиб, павильонлардан бирига урилиб тўхтаган. Машинадан бир киши тушиб воқеа жойидан яширинишга муваффақ бўлган. 

Теракт оқибатида 12 киши ҳалок бўлган, 48 киши жароҳатланган. Кейинроқ терактни содир этишда гумон қилиниб Анис Амри қидирувга берилган. 

Ўша йилнинг 23 декабрида Амри Миланда полиция билан отишма вақтида бартараф этилган.

Мавзуга оид