Ўзбекистон | 13:32 / 24.10.2019
1408
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Италия инвестицияларга алоқадор янги ҳукуматлараро битим имзолайди

Рим шаҳрида Ўзбекистон-Италия муносабатларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини кенгайтириш ва уни инвентаризация қилиш бўйича ташқи ишлар вазирликлари ўртасида маслаҳатлашувлар бўлиб ўтди.

Италия Республикаси ТИВ делегациясига Россия, Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳамкорлик департаменти директори Фабрисио ди Мишел ҳамда ҳуқуқий хизмат директори ўринбосари Паскал Велотти бошчилик қилди.

Турли соҳалардаги икки томонлама ҳамкорлик шартномавий-ҳуқуқий асосининг ҳозирги ҳолати ва уни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Икки мамлакат ўртасида имзоланган битимлар ва халқаро шартнома мақомига эга бўлмаган бошқа ҳужжатларнинг ҳуқуқий ҳолатига аниқлик киритилди.

Маслаҳатлашувлар доирасида Италия Иқтисодий ривожланиш вазирлиги ва Молия вазирлигининг юқори мансабдор шахслари иштирокида инвестицияларни ўзаро ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш тўғрисидаги янги ҳукуматлараро битим лойиҳаси бўйича алоҳида музокаралар ҳам бўлиб ўтди.

Делегациялар, шунингдек, Икки ёқлама солиққа тортишнинг олдини олиш тўғрисидаги конвенцияга Баённома ва Жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги шартнома лойиҳаларини имзолашга тайёрлашга келишиб олдилар.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид