Ўзбекистон | 19:04 / 24.10.2019
13562
2 дақиқада ўқилади

Талабалар сайловда қатнашиш учун ўз ҳудудларига қайтиши шарт эмас – МСК

Вакиллик органларига сайловларда ҳар бир сайловчи ўз паспорти билан ўзи истаган сайлов участкасига бориб, овоз бериш ҳуқуқига эга. Шу жумладан, олийгоҳ талабалари ҳам.

Ўзбекистонда жорий йилги сайловда қатнашувчиларнинг электрон рўйхати шакллантирилмоқда. Шу орқали сайловчилар нафақат ўзлари рўйхатга олинган сайлов участкасида, балки республикадаги исталган сайлов участкасига бориб овоз беришлари мумкин бўлади.

Марказий сайлов комиссияси ўқув маркази директори Шуҳрат Файзиевнинг маълум қилишича, сайловчи овоз берган вақт ва манзил ҳам электрон базага киритилади, натижада у иккинчи марта овоз бера олмайди.

Kun.uz мухбири хабарига кўра, ушбу янгилик ўз ҳудудидан ташқарида таҳсил олаётган талабаларга ҳам тааллуқли.

«Маълумки, Тошкент шаҳрида жуда кўп олий ўқув юртлари мавжуд бўлиб, ҳудудлардан келиб таҳсил олаётган талабалар [доимий] турар жойи ёки ўзлари ижарада турган ҳудудлар орқали ягона электрон рўйхатга киритилади.

Ва талабаларда 2та танлов бўлади: улар ижарада турган манзиллари ва талабалар турар жойлари орқали ўзлари бириктирилган сайлов участкасидан овоз беришлари ёки агарда таътил даври бошланса, ўз ҳудудларига қайтишлари ҳам мумкин», деди Шуҳрат Файзиев пайшанба кунги матбуот анжуманида.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлигига сайловлар 22 декабрь, якшанба куни бўлиб ўтади.

Мавзуга оид