2019 йил 4 октябрь куни Инвестицион низоларни ҳал қилиш халқаро маркази ICSID (бундан кейинги ўринларда – халқаро марказ)да «GUNESH TEKSTIL» корхонаси ва Ўзбекистон ҳукумати  ўртасидаги низога якун ясалди. Халқаро марказ қарорига мувофиқ, мулкий ҳуқуқлар бузилгани сабабли (Туркуаз иши) Ўзбекистонда 2004-2011 йилларда савдо фаолияти билан шуғулланган бир гуруҳ туркиялик инвесторларга 40 миллион AҚШ доллари миқдорида компенсация тўланадиган бўлди.

Инвесторлар ўз даъволарида келтирган фактларига эътибор қаратсак, «GUNESH TEKSTIL» ва унинг ҳамкорлари Тошкентдаги савдо марказига, шунингдек, Ўзбекистондаги «Turkuaz» савдо белгиси остида фаолият кўрсатган бир қатор савдо марказларига эгалик қилишган. Даъвогарларнинг таъкидлашича, уларнинг мулклари устида маҳаллий маъмурлар томонидан ўтказилган рейдлар давомида компания ходимларига жисмоний тазйиқ ўтказилган, корхоналарга божхона, импорт ва солиқ қонунларига хилоф равишда фаолият олиб бориш айблари қўйилган. Корхонанинг асосий ходимлари кейинчалик афв этилиб, депортация қилинган. Аммо инвесторлар бу ишлар уларнинг мулкларини тортиб олиш учун олдиндан пухта ўйланган ҳаракатлар, деб иддао қилишган.

Бир неча юз миллион долларлик мазкур инвестиция низосида Ўзбекистонни дунёга машҳур White and Case юридик фирмаси ҳимоя қилган бўлса, турк тадбиркорлари Истанбулдаги Akinci Law Office хизматидан фойдаланишган. Тортишувга бельгиялик Ҳанс Ван Ҳут, франциялик Эрик Шварц ва британиялик Филипп Сандсдан иборат уч кишилик ҳакамлар ҳайъати ҳакамлик қилди. 2013 йил август ойида бошланган иш роппа-роса 6 йил ўтиб, 2019 йил октябрь ойининг 4-куни ўз ниҳоясига етди. Ушбу иш Вашингтон конвенциясига мувофиқ ташкил этилган халқаро марказ томонидан ҳал этилган. Хорижий инвестор ўз даъвосини 1992 йилдаги Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги «Капитал маблағларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилишга доир» битим (бундан кейинги ўринларда Туркия-Ўзбекистон ўртасидаги Инвестиция битими) ва Ўзбекистоннинг 1998 йилдаги «Инвестиция фаолиятига оид» қонунига асосан қўзғатган.

Ҳакамларнинг хулосаларига кўра, Ўзбекистон томони туркиялик инвесторларнинг мол-мулкини Туркия-Ўзбекистон ўртасидаги Инвестиция битимини бузган ҳолда тортиб олган. Шу билан бирга, халқаро марказ тадбиркорларнинг Ўзбекистонга қаратилган куч ишлатиш орқали етказилган маънавий зарарни қоплашга оид даъвосини рад этган.