Ўзбекистон | 11:45 / 28.10.2019
4741
2 дақиқада ўқилади

Патент вакиллигига номзодлар учун стаж қисқартирилди

Патент вакиллари тўғрисида Низомга тузатишлар киритилди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
 
Патент вакиллигига номзодлар учун малака талаблари бирмунча соддалаштирилди – соҳага оид зарур стаж 4 йилдан 3 йилга камайтирилди. Малака имтиҳонининг бориши энди аудио ва видеоёзувда ёзилади, Интеллектуал мулк агентлигининг (ИМА) сайтида онлайн трансляция қилинади.
 
Интеллектуал мулк соҳасида мутахассисларни, шу жумладан, патент вакилларини тайёрлаш, уларнинг базавий олий маълумотидан қатъи назар Тошкент давлат юридик университетида магистратура йўналишининг “Интеллектуал мулк ҳуқуқи” ихтисослиги бўйича амалга оширилади.
 
Шунингдек, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида 6 ойлик патент вакилларини қайта тайёрлаш курсидан ўтиш мумкин. Қайта тайёрлашдан ўтганларга диплом берилади.
 
Эслатиб ўтамиз, 1 сентябрдан бошлаб патент вакиллари ҳар 5 йилда камида 1 марта кейинчалик аттестациядан ўтказилган ҳолда ўз малакаларини оширишлари лозим. Курслар Юристлар малакасини ошириш марказида ўтказилади, курс тугагач диплом берилади.  Аттестациядан ўтиш учун шу сертификат нусхасини илова қилган ҳолда ИМАга мурожаат қилиш лозим.
 
Аттестациядан ўтган патент вакили 3 иш куни ичида Патент вакиллари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади. Шундан сўнг 10 кун ичида унга аттестациядан ўтганлик тўғрисида гувоҳнома берилади ва бу маълумотлар ИМАнинг расмий ахборотномасида эълон қилинади.

Мавзуга оид