Ўзбекистон | 10:52 / 28.10.2019
1376
3 дақиқада ўқилади

ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссия котибияти фаолияти қўллаб-қувватланади 

Фото: REUTERS/Philippe Wojazer

ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси котибияти фаолияти қўллаб-қувватланади. Вазирлар Маҳкамасининг бу ҳақдаги тегишли қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Ҳужжат билан Комиссиянинг:

комиссия ишчи органи ‒ котибият бошқарув ходимларининг чекланган сони 9 нафар этиб белгилаш;

котибият бошқарув ходимларининг чекланган сони доирасида Комиссия бош котиби ўринбосари лавозимини жорий этиш;

комиссия бош котиби ўринбосарини мақоми, маиший, тиббий ва транспорт хизмати кўрсатиш шароитларига кўра вазир ўринбосарига тенглаштириш;

котибият ходимларига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ходимлари учун белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари (ходимларни қисқартириш ҳисобидан қўлланиладиган устамалардан ташқари), мақоми ва тиббий хизмат кўрсатиш шароитларини татбиқ этиш;

котибият ходимларининг эришган натижаларидан келиб чиққан ҳолда ҳар ой лавозим маошларига (рағбатлантириш коэффициентини ҳисобга олган ҳолда) нисбатан 100 фоизгача устамалар ўрнатиш, бунда, 50 фоизни бюджет маблағлари ҳисобидан қўшимча устама ўрнатиш, 50 фоизгача ходимларни моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан устама ўрнатишни назарда тутиш;

котибият ходимлари ҳар ойлик лавозим маошига котибиятда хизмат қилган умумий иш стажи учун 3 йилдан 5 йилгача – 10 фоиз, 5 йилдан 10 йилгача – 20 фоиз, 10 йилдан 20 йилгача – 30 фоиз, 20 йилдан ортиқ – 40 фоиз ойлик устамалар тўлаш;

котибиятга қўшимча 1 та, жами 2 та енгил автотранспорт воситасини сақлашга лимит ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги котибият фаолиятини самарали ташкил этиш мақсадида назарда тутилган харажатларга зарур маблағларни 2019 йил учун тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрлари доирасида, шунингдек, идоравий жиҳозлар ҳамда замонавий моддий-техника воситаларини харид қилиш харажатлари учун 2020 йилда асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ Вазирлар Маҳкамасининг захира жамғармаси ҳисобидан маблағ ажратилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкига ЮНЕСКО ва АЙСЕСКО мезонларига асосан котибиятнинг валюта ҳисоб рақамига лойиҳа ва тадбирларни амалга ошириш учун келиб тушган маблағлар доирасида кўрсатилган банк хизматлари учун тегишли ҳақ ва бошқа тўловларни ундирмаган ҳолда хизмат кўрсатиш тавсия этилади.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги котибият буюртманомаси бўйича белгиланган тартибда котибиятни алоқанинг зарур турлари, шу жумладан, Ҳукумат алоқаси билан жиҳозланишини, шунингдек, кенг полосали Интернет ахборот тармоғидан фойдаланишини таъминлайди.

Котибият Тошкент шаҳри, Фурқат кўчаси, 171-уй манзилидаги Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси биносига текин фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид