Ўзбекистон | 22:15 / 29.10.2019
16564
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 450дан ортиқ кўп қаватли уй авария ҳолатига келиб қолган

Ўзбекистонда мавжуд 35 мингга яқин кўп қаватли уйларнинг ярмидан кўпи таъмирталаб аҳволда. 455та уй эса авария ҳолатида.

29 октябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда кўп қаватли уйларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича реновация дастурини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама қилинди.

Йиғилишда ҳисобот берган Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосари Назиржон Назировга кўра, республика бўйича жами 34 584та кўп қаватли уйлар хатловдан ўтказилган.

«Мазкур уйларнинг ҳолати ўрганилганда маълум бўлдики, 13 507та уй таъмирга муҳтож эмас, 20 622та уй таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Уйларнинг 455таси эса аварияли аҳволда.

Таъмирга муҳтож уйларнинг 11 172тасини жорий йилда, 7134тасини эса келгуси йилларда таъмирдан ўтказиш режалаштирилган», деган Назировнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Назиржон Назиров / Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Вазир ўринбосарининг маълум қилишича, авария ҳолатидаги 455та уйни инструментал ўрганиш учун 2 млрд 64 млн сўм маблағ ажратилган. Бундай уйлар жорий йил якунига қадар турли лойиҳалаштириш институтлари томонидан инструментал ўрганилади. Таҳлил натижаларига кўра, бу уйларни бузиш, реконструкция қилиш ёки таъмирлаш бўйича хулоса қилинади.

Назиржон Назиров мамлакат кўп қаватли уй фондининг ёшига доир маълумотларни ҳам очиқлади. Унга кўра:

9421та уй – 1967 йилгача,
3074та уй – 1967-1970,
8975та уй – 1970-1980,
9197та уй – 1980-1990,
187та уй – 1990-2000,
428та уй – 2000-2010,
1302та уй – 2010-2019 йилларда қурилган.

Маълумот учун, президентнинг парламентга мурожаатномасида аҳолини муносиб турар жой билан таъминлаш мақсадида мавжуд кўп қаватли уйларнинг ҳолатини ўрганиш, дунёнинг йирик мегаполислари тажрибаси асосида реновация дастурини ишлаб чиқиш топшириғи берилган эди.

Реновация дастури фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш ва кўп квартирали уйларда истиқомат қилаётган фуқароларнинг ҳаёт хавфсизлигини таъминлаш учун эскириб қолган уйлар ўрнига янги турар жойлар қуришни назарда тутади.

Реновацияда уйларнинг ертўла ва том қисмларини теплоизоляция қилиш, замонавий ромлар ўрнатиш, заруратга кўра ташқи лифтлар ўрнатиш, уйларнинг фасад қисмларини шаҳарсозлик талаблари асосида таъмирлаш, иссиқлик таъминоти тармоқларини изоляция қилиш кўзда тутилган.

Мавзуга оид