Ўзбекистон | 20:42 / 29.10.2019
8136
3 дақиқада ўқилади

Парламент «Метрология тўғрисида»ги қонун лойиҳасини қўмитага қайтариб юборди

29 октябрь куни парламент қуйи палатасининг навбатдаги мажлисида Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Жумладан, «Метрология тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар ўртасида турли баҳс-мунозараларни келтириб чиқарди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Мажлисда қонун лойиҳасининг долзарблиги ҳақида гапирган депутат Қутлимурат Бабашевга кўра, шу йилнинг 22 июль куни депутатлар томонидан биринчи ўқишда концептуал маъқулланган мазкур лойиҳа айни соҳадаги халқаро ҳужжатлар талабларига мувофиқлаштириб, уйғунлаштиришга қаратилган.

«Лойиҳа, шунингдек, ички бозорни хавфли товарлардан ҳимоялаш, синов, калибрлаш, қиёслаш лабораторияларининг техник омилкорлигини ошириш ҳамда фаолият натижаларининг халқаро даражада эътироф этилишини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Ҳозирда амалда бўлган қонун 1993 йил қабул қилинган бўлиб, унда 16та ҳаволаки норма мавжуд. Бугунги кунда ушбу хужжат метрология тўғрисидаги халқаро талабларга мос келмаслиги натижасида миллий аккредация тизимининг халқаро даражада тан олинишига имкон бермаяпти ҳамда саноатнинг барча тармоқларида юқори аниқликка эришиш йўлида тўсиқ бўлиб турибди», дейди у. 

Қонун лойиҳасининг моддама-модда муҳокамаси давомида ушбу масалалар танқидий таҳлил қилинди. Жумладан, спикер Нурдинжон Исмоилов ва депутатлар томонидан янги лойиҳанинг ўзида ҳам бир қанча камчиликлар санаб ўтилди.

Унга кўра, лойиҳага асосий тушунчалар сифатида киритилган изоҳлар кўпайиб кетган, «Метрология» тушунчаси фан сифатида изоҳлаб ўтиб кетилган ва бошқа бир қанча тузатиш киритиш керак бўлган ўринлар бор.

Қонун лойиҳаси бир соатга яқин вақт давом этган тортишувлардан кейин, кўпчилик депутатлар фикрига кўра, иккинчи ўқишдан ўтказилди. Лойиҳа қўмита томонидан учинчи ўқишда ҳам ўтказиш сўралди, бироқ, депутатлар лойиҳадаги камчиликлар ва тўғриланиши керак масалалар кўп бўлгани учун ўтказиш масаласини рад қилиб, такомиллаштириш учун Саноат, қурилиш ва савдо масалалари қўмитасига қайта юборадиган бўлди.

Мавзуга оид