ЕТТБ Ўзбекистонда иккинчи ваколатхонасини очяпти
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич жойлашган минтақада ўз фаолиятини кенгайтиради. Ташкилот Андижонда ўз ваколатхонасини очмоқда, дейилади ЕТТБ сайтида.
Қайд этилишича, ЕТТБнинг бундай қарорига Фарғона водийси деярли 14 миллион аҳолиси билан Марказий Осиёдаги аҳоли энг зич жойлашган қисми экани сабаб бўлган.
Офис асосан маҳаллий кичик ва ўрта бизнесни эксперт маслаҳатлари, ўқитиш ва турли молиявий воситалар орқали қўллаб-қувватлайди.
2018 йилда Ўзбекистон учун янги мамлакат стратегияси қабул қилингандан сўнг, ЕТТБ қарийб 400 миллион еврога тенг 12та лойиҳани имзолади, бу эса бир йил ичида мамлакатдаги банк ишбилармонлик фаоллигининг рекорд даражасига айланди. Шаҳар ва энергетика инфратузилмасига, шу жумладан, Фарғона водийсида сув таъминоти ва канализация инфратузилмасини тиклашга, шунингдек, банк ва саноат фаолиятига катта сармоялар киритилди. Жорий йилда ЕТТБ мамлакат иқтисодиётига қарийб 250 миллион евро инвестиция йўналтирди.
Эслатиб ўтамиз, ЕТТБнинг биринчи офиси 2017 йилда Тошкентда қайта очилган. Ташкилот Ўзбекистонда 1993 йилдан бери ишлайди, аммо 2010 йилдан бери мамлакатда банк операциялари тўхтатилган.