Жаҳон | 23:19 / 04.11.2019
9304
2 дақиқада ўқилади

АҚШ оятуллоҳ Хоманаийнинг ўғлига қарши санкциялар киритди

АҚШ молия вазирлиги Эронга қарши янги санкциялар киритилганини эълон қилди. Санкциялар остига Эрон қуролли кучлари бош штаби тушган.

Бундан ташқари, санкциялар рўйхатига 9 кишининг исми киритилган. Улар орасида Эрон олий раҳнамоси оятуллоҳ Али Хоманаийнинг иккинчи ўғли, 1969 йилда туғилган Мужтабо Хоманаий ҳам бор. Шунингдек, санкциялар остига бош штаб бошлиғи Муҳаммад Ҳусайн Богарий, унинг ўринбосари Ғулом Али Рашид, Эрон раҳбарининг халқаро масалалар бўйича маслаҳатчиси Али Акбар Вилоятий, Эрон олий суди раиси Иброҳим Раисий, Эроннинг собиқ мудофаа вазири Ҳусайн Деҳқон тушган.

Хабарда таъкидланишича, Мужтабо Хоманаий Эрон ислом инқилоби соқчилари корпусининг “Ал-Қудс” махсус кучлари қўмондони генерал Қосим Сулаймоний билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Санкциялар рўйхатига тушиш АҚШдаги активларнинг музлатилиши ва АҚШ фуқаролари ёки компанияларига санкция остидаги кишилар билан бизнес олиб бориш тақиқланишини англатади. 

2015 йилда Теҳрон ва 6 та давлат Эрон ядро дастури бўйича келишувга эришганди. Унда Теҳрон ўз ядро дастурини чеклаши эвазига унга қарши киритилган санкциялар бекор қилиниши кўзда тутилганди.

Бироқ 2018 йилда АҚШ президенти Дональд Трамп АҚШнинг келишувдан бир томонлама чиқишини ва Эронга қарши санкциялар тикланишини эълон қилган.

Мавзуга оид