Ўзбекистон | 14:46 / 05.11.2019
2499
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги иқлимий маълумотларни сақлаб қолиш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичи бошланади 

Фото: Ўзгидромет

«Ўзгидромет»да Жаҳон метеорология ташкилоти, Болгария метеорология институти, Атроф муҳит тўғрисидаги маълумотларни сақлаш халқаро ташкилоти (IEDRO) вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди. 

Хорижий мутахассислар ташрифидан мақсад — «Ўзбекистонда иқлимий маълумотларни сақлаш» лойиҳасининг иккинчи босқичини бошлаш масаласини муҳокама қилишдир. Ушбу лойиҳа донор-мамлакатлар, халқаро ва чет эл ҳукумат ва ноҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириладиган беғараз техник кўмак лойиҳалари рўйхатига киритилган.

Бундан аввал ЖМТ Ўзбекистонда тарихий метеорологик маълумотларни сақлаб қолишга қаратилган лойиҳанинг биринчи босқичи бажарилишида ташаббускор бўлган. Лойиҳа «Ўзгидромет»да 2015-2018 йилларда амалга оширилган ва Корея Метеорология администрацияси томонидан молиялаштирилган.

Ўзбекистонда 1867 йилдан «Гидрометфонд»да қоғоздаги гидрометеорологик маълумотлар сақланган. 1978 йилдан бошлаб олинган маълумотлар «Ўзгидромет»да ишлаб чиқилган дастур асосида рақамлаштирилган, бироқ тарихий ва амалий қимматга эга узоқ муддатли иқлимий маълумотларни сақлаш жуда муҳимдир. 

ЖМТ лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланганини қайд этиб, рақамли архив яратиш юзасидан иккинчи босқич амалга оширилишини қўллаб-қувватлади. Лойиҳа доирасида сақлаб қолинган ва рақамлаштирилган иқлимий маълумотлар қишлоқ хўжалиги, саноат, сув ресурсларини бошқариш, энергетика, қурилиши, туризм ва бошқа соҳалардаги вазифаларни бажаришда қўлланилиши мумкин. Лойиҳа иккинчи босқичи ҳам Корея Метеорология администрацияси томонидан молиялаштирилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид