Ўзбекистон | 19:24 / 05.11.2019
4998
3 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари бўладиган муддатни узайтириш масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди

Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона ҳамда аҳил қўшничилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, тобора ривожланаётганлигини, парламентлараро ҳамкорлик соҳасида янгича мазмун билан бойитилганлигини таъкидлади.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Қозоғистонга расмий ташриф дастури доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоеванинг Қозоғистон Республикаси Парламенти аъзолари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Танзила Норбоева Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстона ҳамда аҳил қўшничилик муносабатлари изчил мустаҳкамланиб, тобора ривожланаётганлигини, аниқ йўналишларда, жумладан, парламентлараро ҳамкорлик соҳасида янгича мазмун билан бойитилганлигини таъкидлади.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Ўзбекистонда Қозоғистон раҳбариятининг мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга улкан аҳамият бераётганлиги юксак қадрланиши қайд этилди. Икки томонлама сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар муносабатлар суръати узлуксиз ошиб бормоқда, бу эса икки давлат манфаатларига тўлиқ жавоб беради. Масалан, Стратегик шериклик тўғрисида шартнома ҳамда Стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва аҳил қўшничиликни мустаҳкамлаш тўғрисида қўшма декларация имзоланиши ўзаро ҳамкорликни изчил ривожлантиришда янги даврни бошлаб берди.

Шундан келиб чиқиб, икки мамлакат Президентлари томонидан 2020 йил охиригача икки томонлама савдо ҳажмларини 5 млрд. АҚШ долларигача ошириш, савдони диверсификациялаш, иқтисодий кооперация ва инвестициявий ҳамкорликнинг, шу жумладан минтақалараро ҳамкорликнинг янги узоқ муддатли шаклларини ривожлантириш вазифаси қўйилган.

Фото: Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати

Савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳаларда Ўзбекистон-Қозоғистон ҳамкорлиги фаоллашганлигини, шунингдек икки мамлакат фуқароларининг ўзаро сафарлари кўпайганлигини инобатга олиб, Т.Норбоева консуллик соҳасидаги айрим масалаларни, жумладан, Қозоғистонда Ўзбекистон фуқаролари бўладиган муддатни узайтириш масаласини қайта кўриб чиқишни таклиф қилди.

Учрашувда Сенат раҳбари ҳам икки томонлама алоқаларда, ҳам турли долзарб масалаларни ҳал этишда парламент дипломатияси энг муҳим ташқи сиёсий ресурс сифатида эътироф этилишини таъкидлади.

Парламент дипломатияси бу билан нафақат ўзаро ишончни чуқурлаштиришга, балки сиёсий, савдо-иқтисодий ҳамда гуманитар соҳаларда ҳамкорликни кенгайтиришга бевосита таъсир кўрсатади.

Жумладан, Т.Норбоева ҳудудларда фаолият олиб борувчи депутатлар билан ҳамкорликни фаол ривожлантиришни таклиф қилди. Бу жойларда икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид