Спорт | 19:30 / 06.11.2019
87903
4 дақиқада ўқилади

«Ҳамма ўзбеклар каби интилувчан — «Ростов» мухлислари ва Карпин Шомуродов ҳақида қандай фикрда?

Фото: KUN.UZ

Kun.uz мухбирлари 10 кун давомида Россияга сафар уюштирди. Бу сафардан кўзланган асосий мақсад Россия чемпионатида «Ростов» клуби сафида ёрқин ўйин кўрсатаётган Элдор Шомуродовнинг қандай ҳаёт кечираётгани, клубдагилар ва мухлисларнинг у ҳақдаги фикрларини билиш эди. Россия сафари давомида Ростов, Краснодар ва Москвада бўлган сайт ижодкорлари 5 қисмдан иборат ўзига хос кўрсатув тайёрлашди.

Кўрсатувнинг биринчи қисмида «Ростов» мухлисларидан Элдор ҳақидаги фикрларини сўрадик. Шунингдек, клуб бош мураббийи Валерий Карпин, Ўзбекистон миллий жамоаси собиқ футболчилари Андрей Акопянц ва Николай Ширшов ҳам Шомуродов ҳақида фикрларини айтишди.

Россия чемпионатининг 14-туридан ўрин олган «Ростов» — «Сочи» ўйинидан олдин «Ростов-Арена» олдида маҳаллий мухлислардан Элдор ҳақида сўрадик. Унинг номини эшитиши билан кўпчилик мухлисларнинг юзида табассум пайдо бўлди ва ўзбекистонлик футболчи ҳақида тўлқинланиб, у ҳаммадан зўр экани ҳақида гапиришди. Украинча шевага тортиб кетадиган ростовлик мухлисларнинг гапларидан Элдорни бу шаҳарда яхши кўришлари кўриниб турарди.

«Ростов» бош мураббийи Валерий Карпин эса ўзбекистонлик ҳужумчи ҳақида илиқ фикр билдирар экан, уни «барча ўзбеклар каби интилувчан» деб атади.

«Элдорга бир нарсани икки марта айтиш шарт эмас, у майдондаги кўрсатмаларни тўғри бажаради. У тарбияли йигит ва бундай футболчи билан ишлаш ёқимли. Элдор ҳозир Европанинг катта чемпионатларида ўйнай олмаслиги мумкин, аммо ишлашда давом этса, хоҳлаган чемпионатида бемалол ўйнаб кетади. Элдор барча ўзбеклар каби интилувчан», дейди мураббий.

Ростовда яшаётган яна бир ҳамюртимиз Николай Ширшов Элдор ҳақида фикр билдириб, уни айни дамда Артём Дзюба билан бирга РПЛнинг энг яхши ҳужумчиси деб атади.

«Тўғриси, Элдорни Ростовга келишидан аввал танимасдим. Ҳамюртим бизнинг жамоага келганини эшитиб, албатта хурсанд бўлдим. Жамоа машғулотига келдим ва танишдик, жуда яхши йигит экан. У айни дамда Дзюбани ҳисобга олмаса, РПЛнинг энг яхши ҳужумчиси», дейди ўзбекистонлик собиқ футболчи.

Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир собиқ футболчиси Андрей Акопянц ҳам айни дамда Ростовда истиқомат қилади. 1999 йилда Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси бўлган Акопянц ҳам Шомуродов тарбияли йигит эканини таъкидлади. Шунингдек, Акопянц Элдор гол ура олмаётган вақтида қийналгани ҳақида ҳам гапириб берди.

«Элдор жуда тарбияли йигит. У олдинги мавсумда гол ура олмаётган вақтида бошқа клубларнинг таклифи ҳақида гапирганди. Мен гол урмасам бўлмайди, деган фикрни хаёлингдан чиқариб ташла деб айтгандим. У қийин вазиятдан чиқиб кетганидан хурсандман», дейди у.

Kun.uz сайтининг Ростовдаги сафаридан тайёрланган бошқа материалларни ҳам бирма-бир эътиборингизга ҳавола қилиб борамиз. Кейинги қисмларда мухбирларимиз Элдор Шомуродовнинг уйида меҳмон бўлишади. Шунингдек, Николай Ширшов ва Андрей Акопянц билан уюштирган суҳбатларимизни ҳам томоша қилишингиз мумкин бўлади.

Ўткир Жалолхонов, Муҳаммаджон Ғаниев. Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид