Ўзбекистон | 07:51 / 07.11.2019
13099
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда чет эл банклари томонидан филиаллар ташкил этилишига йўл қўйилмайди

Фото: Shutterstock

Жорий йил 5 ноябрь куни давлат раҳбари “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини имзолади. Мазкур ҳужжат Олий Мажлис Сенатининг йигирма учинчи ялпи мажлисида маъқулланган эди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Бахтиёр Умаровнинг ёзишича, банк фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш мақсадларига йўналтирилган ушбу Қонунда банк фаолиятига рухсат беришга доир қуйидаги энг зарур шартлар назарда тутилган:

банкни ташкил этишга доир дастлабки рухсатномани бериш;

чет эллик муассисларга нисбатан улар томонидан банкни ташкил этиш ёки банкнинг устав капиталида иштирок этиш чоғида қўйиладиган қўшимча талаблар;

лицензиялашдан олдин бошқа органлар билан маслаҳатлашиш, банкни давлат рўйхатига олиш ва лицензия бериш;

банк акцияларига эгалик қилишга доир рухсатнома ва чеклов, банк акцияларини олишга доир дастлабки рухсатномани бериш;

потенциал олувчини баҳолаш, акциядорнинг мувофиқлиги тўғрисидаги талабларга риоя этиш зарурати, ҳал қилувчи эгалик сотиб олинганлиги, ўзгартирилганлиги ёки бошқаларга берилганлиги тўғрисидаги хабарнома, хабардор қилиш мажбурияти, банклар томонидан ўз акцияларини сотиб олиш.

Ўзбекистон Республикасидаги банклар Марказий банкнинг рухсати билан филиаллар ташкил этиши, ваколатхоналар ва бошқа алоҳида бўлинмалар очиши мумкин.

Қонунга кўра Ўзбекистон Республикасида чет эл банклари томонидан филиаллар ташкил этилишига йўл қўйилмайди. Чет эл банкининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ҳамда банк фаолиятини ва бошқа тижорат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқисиз банкнинг манфаатларини ифодаловчи алоҳида бўлинмаси чет эл банкининг ваколатхонасидир. Ўзбекистон Республикаси ҳудудида чет эл банкининг ваколатхонаси Марказий банк томонидан аккредитация қилинади.

Шу билан бирга, давлатнинг банк муассиси ёки акциядори бўлиши мумкинлиги тартиби ҳамда банк ташкил этиш учун устав капиталининг бошланғич энг кам миқдори юз миллиард сўм бўлиб, банк ҳисоб рақамида сақланиши ҳам белгилаб қўйилган. Шунингдек, банкларнинг, қоидага кўра, акциядорлик жамиятлари шаклида ташкил этилиши назарда тутилган.

Яна бир жиҳат, Марказий банк ушбу Қонунда назарда тутилган қўпол, жиддий ва жузъий қоидабузарликлар учун жавобгар банкка, банкнинг кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзоларига, муҳим аҳамиятга эга ходимларига нисбатан чоралар ва санкциялар қўллашга ҳақли.

Ушбу масалада мавжуд бўлган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Қонуннинг янги таҳририда, банкнинг мижозлар билан тузилган шартномалар шартлари, шу жумладан, кредитлар бўйича фоиз ставкалари ва уларни белгилаш тартиби, депозитлар бўйича фоиз ставкалари, воситачилик ҳақи миқдори ва шартномаларнинг амал қилиш муддатларини бир тарафлама ўзгартириш ҳуқуқига эга эмаслиги белгилаб қўйилган.

Мавзуга оид