Ўзбекистон | 11:00 / 07.11.2019
3859
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда волонтёрлик фаолияти ҳуқуқий мақомга эга бўлади

Фото: Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ахборот хизмати

Депутатлар «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги Қонунни уч ўқишда қабул қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар бермоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 2019 йил 6 ноябрда ўтказилган навбатдаги йиғилишида депутатлар «Волонтёрлик фаолияти тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқдилар. Лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги «Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижросини таъминлаш мақсадида парламент қуйи палатаси депутатлари томонидан ишлаб чиқилганди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Людмила Кошелапованинг қайд этишича, «мамлакатимизда кўнгиллилик фаолияти, тегишли тушунчалар мажмуи ва ушбу фаолиятни амалга ошириш тартиблари мустаҳкамланган, гарчи ушбу фаолият қонун ҳужжати билан тартибга солинмаган бўлса-да, у амалда Ўзбекистонда ривожланиб келмоқда».

Айрим социологик тадқиқотлар натижаларига кўра, қарийб 90 фоиз нодавлат нотижорат ташкилотлар ўз фаолиятини амалга оширишда кўнгиллилардан унумли фойдаланади. Уларнинг энг фаоллари – Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Қизил ярим ой жамияти, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ҳисобланади.

Кўнгиллилар фаолияти қатор ижтимоий тармоқлар орқали ҳам фаоллашиб бормоқда. «Facebook» ижтимоий тармоғида «волонтёри.uz» гуруҳи бўлиб, унинг аъзолари сони 12 мингдан ортиқни ташкил қилади. Гуруҳ аъзолари хайрия тадбирлари, акциялари ҳамда ёрдам кўрсатиш бўйича ўзаро маълумотлар алмашади. Улар йўқолган инсонларни излашга, ҳудудларни чиқиндилардан тозалашга, эгасиз ҳайвонларни ҳимоя қилиш, эҳтиёжмандларга дори-дармон сотиб олишга ва қиммат тиббий операцияларни бажариш учун маблағ йиғишга ҳамда бошқа беғараз ёрдам тадбирларини амалга оширишга кўмаклашиб келмоқда.

«Шу тариқа, мамлакaтимизда қонуний асосга эга бўлмаса-да, кўнгиллилар фаолияти етарлича ривожланган. Қонунчиликдаги бундай кўринишдаги бўшлиқ турли тоифадаги шахсларга, шунингдек, юртимиз ёшларини мазкур йўналишда давлат сиёсати ва миллий менталитетимизга мос келмайдиган қадриятлар асосида «бирлаштириш»га фаол ҳаракат қилувчи хорижликларга «кенг майдон» яратиб беради. Қолаверса, тегишли қонун ҳужжатлари мажмуининг йўқлиги кўнгиллиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари, уларнинг ижтимоий ҳимояси, муносиб меҳнат шароитларининг кафолатлари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, ННТ ва ОАВ билан ҳамкорлик механизмлари тўғрисидаги масалаларни очиқ қолдирмоқда», дея таъкидлади Л.Кошелапова.

Мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши кўнгиллилик фаолиятини ташкил этиш ва амалга ошириш соҳасидаги муносабатларни қонуний тартибга солади, кўнгиллилик фаолияти тўғрисида ягона қонуний тушунчалар мажмуини шакллантиради, кўнгиллилик фаолиятини янада фаоллаштиришни рағбатлантиради.

Лойиҳа билан Адлия вазирлиги томонидан кўнгиллилар фаолиятини рўйхатга олиш реестри жорий қилиниб, мунтазам равишда янгилаб борилиши, «Кўнгиллилик шартномаси»ни амалиётга жорий қилиниши кўзда тутилган.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид