Ўзбекистон | 08:59 / 07.11.2019
45890
3 дақиқада ўқилади

Пахта терими билан боғлиқ мажбурий меҳнат ҳолатлари аниқланди

Фото: Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги

Нукус шаҳар 1-сонли болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда Хўжайли туманидаги 31-умумтаълим мактаб раҳбарлари МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жаримага тортилди. 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарига кўра, улар ишчи ва хизматчи ходимларни пахта йиғим-терим ишларига мажбуран жалб этган.

Жиззах вилояти Арнасой тумани АТБ “Халқ банки” бошқарувчиси, ҳудуд Тиббиёт бирлашмаси бош врачи, Сувоқава ДУК Арнасой тумани филиали бошлиғи ҳам қўл остидаги ходимларни пахта теримига мажбуран йўналтиргани туфайли МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида жаримага тортилди.

Жиззах вилояти Дўстлик туманида жойлашган “Севдиёт” фермер хўжалиги раҳбарига теримчилар учун етарли шарт-шароитлар яратиб бермагани сабаб МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан маъмурий жарима қўлланилди.

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани Ирригация бўлими бошлиғи ходимларни пахта йиғим терим вақтида бажарилмаган иш ҳажмлари учун пул маблағлари тўлаб берган. Бу ноқонуний ҳаракат МЖтКнинг 49-моддаси 1-қисми билан жаримага тортилди.

Қарши шаҳри “Обод” автотранс МЧЖ директори эса йўналиш бўйича йўловчилар ташишни амалга оширувчи “Дамас” русумли автомобил ҳайдовчиларини уларнинг розилигисиз пахта далаларига теримчиларни ташишга мажбурлагани сабаб базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробари қийматида маъмурий жарима тўлайдиган бўлди.

Тошкент вилояти Оҳангарон тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, Жиззах вилояти Зафаробод тумани Иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича ҳоким ўринбосари, айни вилоятнинг Мирзачўл тумани қурилиш ишлари бўйича ҳоким ўринбосари теримчилар учун етарли шарт-шароитларни яратмаганлиги сабабли маъмурий жаримага тортилди.  

Бу қаторда Андижон вилояти Улуғнор тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари ҳам бор. У пахта териш учун келган ишчиларнинг ётоқ жойида етарли шарт-шароитларни яратмаган ва базавий ҳисоблаш миқдорининг 7-10 баробари қийматида маъмурий жаримага тортилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатнинг ҳар қандай шакли қонунга хилофдир. Агар сизни пахта терими ёки бошқа бирор ишга мажбурлашса ёки шундай ҳолатга дуч келсангиз, Давлат меҳнат инспекциясининг 1176 қисқа рақамларига, dmi.mehnat.uz сайти ёки mehnathuquqbot Телеграм ботига мурожаат қилинг.

Мавзуга оид