Жамият | 19:30 / 07.11.2019
9716
3 дақиқада ўқилади

«Тақвонинг калити ният» ёки Қарши шаҳридаги Насаф кўчасига кичик назар

Ҳар бир ишнинг ривожию, таназзули, энг аввало, инсоннинг ниятига боғлиқ. Ният бошданоқ яхши бўлса албатта бошланган иш ҳам хайрли якун топади. Агарда ният ёмон бўлса, гарчи у кўнгилдагина туғилган тақдирда ҳам ҳар қандай юмуш парокандаликка учрайди. Шу сабабли ҳам муқаддас динимизда “тақвонинг калити ният”, деб айтилади.

Гапни узоқдан айлантириб келишимнинг боиси, кўрганларим, билганларимни ёзишда, фикр билдириш аввалида, кўнглимизда нима ният борлигини очиқ айтиш бўлди. Ният холис. Ёзилганлар, кўрсатилганлар сабаб бир муаммо ҳал бўлса-ю, одамлар хушнуд бўлишса бас.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда амалга оширилаётган ободонлаштириш ишлари таҳсинга лойиқ. Аммо бу ишлар аксарият ҳолларда марказларда амалга ошириляпти. Чекка жойлар эса раҳбарлар нигоҳидан четда қолиб кетяпти. Тасвирларда кўриб турганингиз Қарши шаҳридаги Насаф кўчаси ҳам шулар жумласидан. Бу кўчада жуда кўп корхона ва ташкилотлар бор. “Осиё” автомобиль эҳтиёт қисмлари бозори, машина бозори, ёғоч ва бошқа қурилиш моллари бозори шулар жумласидан. Бу бозорларга кунига минглаб одамлар, автомобиллар келиб кетади. Аммо кўчанинг аҳволига “маймунлар йиғлайди”.

Куз-қиш мавсуми яқинлашгани сари бу ерда ишловчиларнинг ҳам, келиб-кетувчиларнинг ҳам юраклари безиллайди. Чунки ёғингарчиликлар бомба тушгандек ўнқир-чўнқир бўлиб ётган кўчани ботқоққа айлантириб ташлайди. Машинангиз ғилдираги қайси чуқурда тиқилиб қолишини фақатгина тахмин қилишингиз мумкин. Пиёдалар юриши учун эса умуман шароит йўқ. Гўё бу кўча одам юришига мўлжалланмагандек таассурот уйғотади одамда.

Бу ердагиларнинг айтишича, қайсидир йили кўчани асфальт қилиш ҳаракати бошланган. Унинг бир томонига шағаллар ҳам тўкилган, аммо нимадир сабаб билан иш бирдан тўхтаган ва ўша-ўша силжимай ётибди.

Гапни кўп чўзмадик, юқорида айтганимиздек, яхши ният қилдик холос. Мақсад битта, Қарши шаҳар мутасаддилари бу шўринг қурғур кўчага нурли назар  ташлашса ажаб эмас.  

Мансур Рихсиев, журналист.

Мавзуга оид