— Маҳаллий ички йўллар яхшиланиб боряпти. Лекин магистраль йўллардан сайёҳлар, юк машина ҳайдовчилари кўп норози бўлиб кетганига гувоҳ бўламиз. Йўллар нега бу аҳволга келди?

— «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун бўйича йўллар учга бўлинади: умумий фойдаланишдаги йўллар, шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари йўллари ва хўжалик автомобиллар учун йўллар. Буларнинг ҳар бирининг эгаси бор. Умумий фойдаланишдаги йўлларга Автомобиль йўллари қўмитаси эгалик қилади ва таъмирлаш, қуриш, сақлашга жавобгар. Хўжалик йўллари жисмоний ва юридик шахслар ҳисобида бўлиши мумкин. Шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари йўллари маҳаллий ҳокимият идоралари тасарруфида бўлади.

2017 йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида президент қарори билан Автомобиль йўллари қўмитаси ташкил қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад умумий фойдаланишдаги йўллар сифатини ривожлантирган ҳолда минтақавий автомобиль йўллари ва шаҳарлар, аҳоли пунктлари йўллари қурилишига ҳам эътибор бериш. Умумий ягона йўл сиёсатини олиб борувчи идора сифатида қараляпти қўмитага. Унга икки турдаги йўлларга ҳам қараш вазифаси юклатилди. Ҳамма эътибор шаҳар йўлларига қаратилиб, ташкилотнинг ўз балансидаги йўлларга эътибор тушиб кетди. Охирги 3-4 йилда тайинли қиш мавсумини кўрмадик. Ўтган йилги баҳор ва бу йилги қиш мавсумида аниқ кўрдикки, биз тўғри йўналишда эмасмиз. Ўзи 2017 йилгача ҳам йўлларимиз мақтанадиган эмасди. Фақат сақлаб келаётгандик.

— Давлат бюджетидан ҳар йили триллионлаб маблағ ажратилади. Қисмларга бўладиган бўлсак, мутахассислар ойлик маошлари, соҳадаги бошқа харажатларга кетади ва қайсидир қисми йўл қурилиши, таъмирлаши учун ишлатилади. Бундан ташқари, ҳар йили молия ташкилотлари маблағларини жалб қилиш кўзда тутилади. Биз йўл бўйича қайси босқичдамиз ва қайси босқичга ўтишимиз керак?

— Энг катта ютқазаётган томонимиз сонлар изидан қуваётганимиз. Бир йилда бунча йўл таъмирланди, бунчаси қурилди, деймиз. Назаримда, бу тўғри эмас. Энг муҳими қанча йўлни халқаро стандартлар даражасида таъмирлаганимиз ва қурганимиз, деган саволни ўртага қўйиш керак. Сифат бўйича менталитет шаклланиши ва ҳар бир ходим сифат ҳақида ўйлаши зарур. Халқаро стандартларга келадигани бўлсак, биз жуда орқадамиз бу бўйича. Ҳозирги кунда биз синаётган методлар, қоришмалар иқлимимизга мутлақо мос эмас. Эски методлардан фойдаланиб келиняпти. Бу нарсалар нима билан, ким билан боғлиқлиги менга қоронғи.

— Соҳага ислоҳотлар кириб келишига, янгиликлар ўзлаштирилишига нима тўсқинлик қиляпти? Бундан кимдир манфаатдорми?