Ўзбекистон | 10:24 / 08.11.2019
2408
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон-Қозоғистон: «Парламентлараро хотин-қизлар клуби» фаолияти йўлга қўйилади

Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоеванинг Қозоғистон Республикасига расмий ташрифи чоғида хотин-қизларнинг давлат ва жамият ҳаётидаги фаоллигини янада ошириш, аёллар тадбиркорлигини кенг қўллаб-қувватлаш масалаларида ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон парламентлари Сенатлари раҳбарлигида “Парламентлараро хотин-қизлар клуби” ташкил этиш ҳамда Ўзбекистон ва Қозоғистон тадбиркор аёллари бизнес-форумини ўтказиш таклифи билдирилди. 

Сенат ахборот хизмати хабарига кўра, Ўзбекистон томонининг мазкур ташаббусини Қозоғистон расмийлари ҳам қўллаб-қувватладилар.  

Хотин-қизлар иштирокини янада фаоллаштиришни назарда тутувчи мазкур парламент тузилмаси, аввало, давлат ва жамият ҳаётига оид муҳим масалаларга комплекс гендер ёндашувни таъминлашга ҳамда бу масалада тажриба алмашишга қаратилган. Шунингдек, бу тузилманинг фаолияти аёлларга оид масалалар бўйича оқилона сиёсат юритишга, давлат томонидан қабул қилинаётган ҳар бир қарорда уларнинг манфаатлари инобатга олинишини таъминлашга кўмаклашади.

Хотин-қизлар парламент тузилмалари мавжуд бўлган мамлакатларда бундай ташкилотлар турли партиялар вакилалари ўртасида қонунчиликнинг устувор йўналишларини келишиб олишда муҳим мулоқот майдони вазифасини ўтайди ҳамда гендер тенгликни таъминлашда доимо амалий самара беради. Шунингдек ушбу тузилмаларнинг фаолияти парламент кун тартибига бевосита таъсир кўрсатиш имконини тақдим этади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид