11:04 / 09.11.2019
0
6314

Юк автотранспортида халқаро юк ташиш турини аниқлаш мезонлари белгиланди

Транспорт вазирлиги, Давлат божхона қўмитасининг “Автомобилда амалга оширилаётган халқаро юк ташиш турини белгилаш мезонлари ва тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Автомобилда амалга оширилаётган халқаро юк ташиш турини белгилаш мезонлари ва тартибига кўра, юкларни халқаро ташишда қуйидагилар икки томонлама ташишлар деб эътироф этилади:

а) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий давлат ҳудудидан хорижий ташувчига тегишли автотранспорт воситасида юк ташиш амалга оширилишида юкхатига мувофиқ юкни жўнатувчининг давлати, юкхати расмийлаштирилган давлат, автотранспорт воситасига юк ортилган давлат, хорижий ташувчи ва автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган давлат айнан бир давлат ҳисобланиб, автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат эса, Ўзбекистон Республикаси бўлган ҳолларда;

б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан хорижий давлат ҳудудига хорижий ташувчига тегишли автотранспорт воситасида юк ташиш амалга оширилишида юкхатига мувофиқ юкни жўнатувчининг давлати, юкхати расмийлаштирилган давлат ва автотранспорт воситасига юк ортилган давлат Ўзбекистон Республикаси ҳисобланиб, автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат, хорижий ташувчи ва автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган давлат айнан бир давлат бўлган ҳолларда;

в) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига хорижий давлат ҳудудидан миллий ташувчига тегишли автотранспорт воситасида юк ташиш амалга оширилишида юкхатига мувофиқ юкни жўнатувчининг давлати, юкхати расмийлаштирилган давлат, автотранспорт воситасига юк ортилган давлат хорижий давлат ҳисобланиб, автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат эса, Ўзбекистон Республикаси бўлган ҳолларда;

г) Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан хорижий давлат ҳудудига миллий ташувчига тегишли автотранспорт воситасида юк ташиш амалга оширилишида юкхатига мувофиқ юкни жўнатувчининг давлати, юкхати расмийлаштирилган давлат ва автотранспорт воситасига юк ортилган давлат Ўзбекистон Республикаси ҳисобланиб, автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат эса, хорижий давлат бўлган ҳолларда.

Юкларни халқаро ташишда қуйидагилар транзит ташишлар деб эътироф этилади:

а) бир хорижий давлат ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали бошқа хорижий давлат ҳудудига хорижий ташувчига тегишли автотранспорт воситасида транзит тарзда юк ташиш амалга оширилишида юкхатига мувофиқ юкни жўнатувчининг давлати, юкхати расмийлаштирилган давлат, автотранспорт воситасига юк ортилган давлат, юкни қабул қилиб олувчи давлат ҳамда автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат хорижий давлатлар ҳисобланган ҳолларда;

б) бир хорижий давлат ҳудудидан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали бошқа хорижий давлат ҳудудига миллий ташувчига тегишли автотранспорт воситасида транзит тарзда юк ташиш амалга оширилишида юкхатига мувофиқ юкни жўнатувчининг давлати, юкхати расмийлаштирилган давлат, автотранспорт воситасига юк ортилган давлат, юкни қабул қилиб олувчи давлат ҳамда автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат хорижий давлатлар ҳисобланган ҳолларда.

Юкларни халқаро ташишда қуйидагилар учинчи давлат ҳудудидан ёхуд учинчи давлат ҳудудига ташишлар деб эътироф этилади:

а) бир хорижий давлатнинг юк ташувчиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудига бошқа хорижий давлат ҳудудидан юк ташишни амалга оширганда юкхатига мувофиқ юкни жўнатувчининг давлати ҳамда автотранспорт воситасига юк ортилган давлат — хорижий ташувчи ва автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган давлат ҳисобланмаганда, автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат эса Ўзбекистон Республикаси бўлган ҳолларда;

б) бир хорижий давлатнинг юк ташувчиси Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан бошқа хорижий давлат ҳудудига юк ташишни амалга оширганда юкхатига мувофиқ автотранспорт воситасига юк ортилган давлат Ўзбекистон Республикаси ҳисобланиб, хорижий ташувчи ва автотранспорт воситаси рўйхатдан ўтган давлат — автотранспорт воситасидан юк тушириладиган давлат бўлмаган ҳолларда.

Автомобилда халқаро юк ташиш турини белгилаш Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Транспорт вазирлигининг масъул ходимлари томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 15 мартдаги 202-сон қарори билан тасдиқланган Автомобилда юк ва йўловчиларни халқаро ташишга рухсатномаларни айирбошлаш квотасини белгилаш, тақсимлаш, бериш ва фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомга асосан амалга оширилади.

Юк ортилган автотранспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва қонунчилигига мувофиқ автомобилда юкларни халқаро ташишни амалга ошириш учун талаб этиладиган Ўзбекистон рухсатномаси, юкхати ва бошқа ҳужжатлар масъул ходимга амалга оширилаётган халқаро юк ташишнинг турини белгилаш учун тақдим этилади.

Юк ортилган автотранспорт воситаси ҳайдовчиси тақдим этган юкхати, Ўзбекистон рухсатномасида қайд этилган маълумотлар масъул ходим томонидан, зарурат бўлганда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланилган ҳолда ўрганилиб, мазкур мезонлар ва тартибга асосан автомобилда амалга оширилаётган халқаро юк ташишнинг тури белгиланади ҳамда шу вақтнинг ўзида тақдим этилган ҳужжатларга бу ҳақда белги қўйилади.

Халқаро юк ташишнинг тури белгиланганидан сўнг, юк автотранспорт воситаси ҳайдовчисига тегишли ҳужжатлар қайтариб берилади.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top