Бугунги геосиёсий вазият шароитида Европага юк ташиш харажатлари икки баравар ошди, бу эса Ўзбекистон ишлаб чиқарувчилари маҳсулотларининг рақобатбардошлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Бу ҳақда 15 январ куни бўлиб ўтган йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Бу борада Полша Европа бозорларига кириб бориш учун энг асосий дарвоза ҳисобланиши, ушбу мамлакатдаги элчимиз логистика харажатларини қисқартириш бўйича таклифлар билан чиқиши кераклиги таъкидланди.
Мутасаддиларга полшалик ҳамкасблари билан Брест чегара пунктида ўзбекистонлик юк ташувчилар учун алоҳида йўлак очиш масаласида келишувга эришиш топширилди.
Бундан ташқари, масъул вазирликларга Ўзбекистон ва Руминия ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиб, иқтисодий муносабатларни кенгайтириш бўйича аниқ келишувларга эришиш топширилди.
Руминиянинг Констанца шаҳрида савдо уйини ташкил этиб, 2026 йилда ушбу давлатга экспортни 2 карра ошириш муҳимлиги таъкидланди.











