Ўзбекистон | 17:00 / 10.11.2019
14089
1 дақиқада ўқилади

EТТБ 2020 йилда Ўзбекистонда сезиларли иқтисодий ўсиш бўлишини тахмин қилмоқда

2019 йилда Ўзбекистон ЯИМ 5,5 фоизга ва 2020 йилда 5,8 фоизга ўсади. Ўсиш саноат ва қурилиш соҳаларининг ривожланиши ҳисобига бўлади.

EТТБнинг "Минтақавий иқтисодий истиқболлар" (Regional Economic Prospects) ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда экспорт операциялари 45 фоизга ошди, бу эса Ўзбекистонда савдони эркинлаштириш ҳамда минтақавий интеграцияни акс эттиради.

Шунингдек, кредитлашнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан сезиларли даражада, 60 фоиздан ортиқроққа ўсиши кузатилмоқда, бу инфратузилма ва бизнес фаоллигига киритилаётган инвестицияларнинг ўсиб бораётганлигидан далолат беради.

2019 йилнинг дастлабки уч чорагида мамлакатда инфляция 14,1 фоизгача секинлашган.

EТТБ шунингдек, Ўзбекистоннинг валюта бозорини эркинлаштиришни олқишлайди. Бунинг натижасида 2019 йил бошидан буён девальвация деярли 12 фоизни ташкил этди.

"2019 йил август ойидан бошлаб валютани тартибга солиш органлари валюта курсининг кунлик ўзгариши учун 5 фоизлик чекловни олиб ташлади ва бозорга ушбу кўрсаткични аниқлашга имкон берди. Бунга қўшимча равишда, тижорат банклари томонидан чет эл валютасини сотишга рухсат этилди", дейилади ҳисоботда.

Мавзуга оид