Тошкентдаги лифтларнинг 3404таси муддатини ўтаб бўлган, иссиқлик қувурларининг ҳам таъмирталаб қисми кўп. Бу ҳақда республика ишчи гуруҳининг Тошкент шаҳар туманларида куз-қиш мавсумида иситиш тизими ва иссиқлик билан таъминланиш ҳолати бўйича ўтказилган ўрганишлар якунига бағишланган йиғилишида айтилди.
Ишчи гуруҳ раҳбари Қудратилла Рафиқов бу йилги куз-қиш мавсумига кўрилган тайёргарлик анча машаққатли кечганлигини, шу билан бирга, камчиликлардан ҳам ҳоли бўлмаганлигини таъкидлади.
Жумладан, пойтахтдаги 338–МТТнинг мусиқа ва чўмилиш хоналарига иссиқлик қувурлари киргизилмаган, 550-МТТ ҳудудидан ўтган иссиқлик қувурлари эскирган ва ундан сув оқмоқда. 38– умумтаълим мактабида иссиқлик тизими тўлиқ ишламаяпти. Янги ўқув биноси учун қурилган қозонхона эса умуман ишламайди. 53-оилавий поликлиника ҳам куз-қиш мавсумига тайёр эмас. 24-сонли оилавий поликлиниканинг йўлаклардаги ойналари синиб кетган.
Муаммоларнинг айримларига мутасаддиларнинг беэътиборлиги сабаб бўлса, айрим ҳолларда масаланинг ечими молиявий маблағга бориб тақалмоқда, - дея таъкидлади Қудратилла Рафиқов.
Йиғилишда Тошкентдаги лифтларнинг 3404таси муддатини ўтаб бўлганлиги, иссиқлик қувурларининг ҳам таъмирталаб қисми кўп эканлиги айтиб ўтилди. Ўрганилган муаммоларни бартараф этиш бўйича масъулларга тегишли кўрсатмалар берилди.