Ўзбекистон | 19:47 / 12.11.2019
48338
3 дақиқада ўқилади

«Бу ортдан пичоқ уриш» – Адвокатлар палатаси расмийси янги солиқ тартиби ҳақида

Шуҳрат Содиқов

Адлия вазирлиги расмийлари президентнинг «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-табдирлари тўғрисида»ги фармони ижроси юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб қайтаришди.

«Суриштирув ва тергов органлари томонидан адвокатларнинг фаолиятларига тўсқинликлар бор эди. Бу бўйича ишчи гуруҳ тузилди ва ҳар бир вилоятда суриштирув-тергов ходимлари билан семинарлар ўтказдик. Эскича қараш, ҳар қандай шаклда тўсқинлик қилиш ҳолатлари бўйича тушунтиришлар ўтказдик.

Тергов ҳибсхоналарда мижозлар билан учрашишлар бўйича шароитлар қайта ўзгартирилди. Алоҳида хоналар ажратилди. Бу хоналарда аудиоёзув мосламаларисиз визуал учрашувлар ўтказилади.

Шунингдек, адвокатлар томонидан жисмоний ва юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилиб адвокат сўрови масаласида муаммолар бор эди. Аниқ механизмлар йўқ эди. Бу бўйича қонунчиликка тегишли ўзгартиришлар киритилди. Энди механизм бор. Етарли вақтда жавоб берилмадими, бу бўйича судлар томонидан жавобгарлик масаласи кўриб чиқилиши белгиланди.

Лицензия беришда ҳам муаммолар бор эди. Бунда давлат органлари томонидан аралашиш ҳоллари мавжуд эди. Бунда ҳам кўплаб ўзгартиришлар киритдик. Лицензияни тугатиш процедураси ҳам қийинлаштирилди», дея Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Элдор Маҳкамовнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Адвокатлар давлат ҳисобидан берилишида айрим адвокатлар гуруҳлари соҳани ўзиники қилиб олгани муаммоси ҳам мавжудлиги, янги қабул қилинаётган ҳужжат орқали тизим ўзгаришига умид қилинаётгани билдирилди.

«Янги солиқ қонунчилигига нисбатан ўзимизнинг этирозимизни билдирдик, қатъий позициямизни кўрсатдик. Асослантирилган ҳолда, молия вазирлигига, солиқ қўмитасига, адлия вазирлигига, депутатларимизга ҳам мурожаат қилдик.

Чунки нотижорат ташкилот сифатида хизмат кўрсатмайди, ёрдам кўрсатади, нотижорат ташкилот бўлиб, унинг ичида нотижорат, тижорат деб икки хил солиққа тортиш ташкилотни ичидан бузади.

Умуман олганда, адвокатуранинг фаолиятини ривожлантириш долзарб бўлиб турганда, ёш кадрларни соҳага тортиш керак бўлганда бу «орқамиздан пичоқ уриш» бўлади», дейди Адвокатлар палатаси раисининг биринчи ўринбосари Шуҳрат Содиқов.

Баҳодир Аҳмедов
Тайёрлаган Баҳодир Аҳмедов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид