Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Шуҳрат Муҳамаджонович Содиқов Ўзбекистон Бош вазири котибияти раҳбарининг ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Ўзбекистон бош вазирининг матбуот хизмати ходими Бекзод Ҳидоятов ўз Telegram-каналида хабар бермоқда.

Шуҳрат Содиқов 2008−2010 йилларда «Ўзбектелеком» компанияси директори бўлган, 2010 йилдан 2017 йилгача Вазирлар Маҳкамасининг ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар масалалари бўйича ахборот-таҳлил департаменти мудири бўлиб ишлаган, 2017−2018 йилларда Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги директори бўлган. У 2018 йил августидан буён Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири лавозимида ишлаган.

2021 йил ноябрида Ўзбекистонда Telegram ва Instagram блокланиши ортидан бош вазир маслаҳатчиси — IT-технологиялар, телекоммуникациялар ва инновацион фаолиятни ривожлантириш масалалари департаменти бошлиғи Олимжон Умаров билан бирга истеъфога чиқарилганди.

Унинг ўтган вақт ичидаги фаолияти ҳақида маълум эмас. 

У энди президент фармони билан бош вазири котибияти раҳбари этиб тайинланган Абдурашид Жўрабоевга (у 2019 йил сентябрдан буён президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди) ўринбосарлик қилади.

Абдурашид Жўрабоев

Жўрабоевга яна икки ўринбосар тайинланган.

Нусратбек Давронқулович Тўйчиев Бош вазир котибияти раҳбарининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси аппарати бошқарувчисининг ҳуқуқий экспертиза масалалари бўйича ўринбосари лавозимидан озод қилинди.

Нусратбек Тўйчиев

Даврон Наримович Қаландаров Бош вазир котибияти раҳбари ўринбосари этиб тайинланди. У бунгача Вазирлар Маҳкамаси Юридик таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимидан ишлаётганди.