Ўзбекистон | 12:48 / 14.11.2019
4660
3 дақиқада ўқилади

Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимлари фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди

Фото: Twitter /ufas18

Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

“Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун давлат раҳбари томонидан имзоланди.

Олий Мажлис Сенати аъзоси Холижон Комиловнинг ёзишича, Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг 11 та қонуни ҳамда 7 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Жумладан, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил вазифалари ҳамда ваколатлари доираси кенгайтирилиши, унинг девони фаолияти ислоҳ қилиниши муносабати билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланган.

“Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида”ги Қонунда тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишни ва назорат қилувчи органлар томонидан текширув қонунийлигини назорат қилишни мувофиқлаштириш вазифаси назарда тутилган. Шунингдек, маъмурий жавобгарликни келтириб чиқарадиган қонун ҳужжатлари бузилган ҳолатлар бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар тузиш ҳуқуқи белгиланган.

Фуқаролик процессуал кодекси, Иқтисодий процессуал кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг фуқаролик ишлари бўйича судларнинг, шунингдек, иқтисодий ва маъмурий судларнинг кучга кирган қарорлари устидан кассация ва назорат тартибида шикоят қилиш бўйича ҳуқуқи ҳам қайд этилган.

Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувлар қонунийлиги устидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш орқали тадбиркорлик субъектлари фаолияти текширилишини мувофиқлаштиришда Савдо-саноат палатасининг иштироки белгиланиши муносабати билан “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Қонунга тегишли ўзгартиш киритилган.

“Уруғчилик тўғрисида”ги Қонунга Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг бу соҳадаги ваколатларини кенгайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилган. Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва унинг бўлинмалари Уруғчиликни ривожлантириш маркази этиб қайта ташкил этилиб, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ихтиёрига ўтказилди.

Мавзуга оид