Жамият | 22:00 / 14.11.2019
61895
14 дақиқада ўқилади

«Замҳоким» ва мухбир иши: шаҳар прокуратураси ўз қарорини ҳимоя қилмоқдами ёки Ваҳобовни?

13 ноябрь куни Тошкент шаҳар прокуратурасида журналистлар учун брифинг ташкил этилди. Тадбирда Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ҳамда Кun.uz сайти ходимлари ўртасида содир бўлган ҳолат бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари натижаси ҳақида ахборот берилди. Қуйида воқеалар хронологияси ва унда билдирилган фикрлар келтирилади.

Тадбирда Абдурасул Ваҳобов билан Kun.uz таҳририяти ходимлари ўртасида юзага келган ҳолат ҳақида интернетда эълон қилинган мақола юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатларини ўтказган Тошкент шаҳар прокуратураси ижтимоий қонунчилик ижроси устидан назорат бўлими катта прокурори Сайёд Жумабоев ҳодиса тарихи ва терговга қадар текширув натижалари ҳақида қисқача маълумот берди. Жумабоевнинг ҳисоботида янграган айрим жумлалар журналистларнинг эътирозларига сабаб бўлди.

Шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатовнинг айтишича, бу ҳолатда қонун талабларини фақат собиқ ҳоким ўринбосари эмас, балки журналист ҳам бузган. У «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонуннинг 6-моддасида журналистлар касбий одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилгани, мазкур қонунга кўра ҳар бир ҳолатда авваламбор шахснинг розилиги билан уни тасвирга олиш, қадр-қиммат масалалари акс эттирилганини таъкидлади.

Брифингда журналистлар нима учун терговга қадар текширув жараёнида Олмазор тумани ҳокими ўринбосарининг Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати ва «MY5» телеканалига берган интервьюсида айтган гаплари тасдиғини топмаган бўлсада, унинг Р.Исроилов ҳақида айтган гаплари учун чора кўрилмагани сабаблари билан қизиқди.

«Тергов соҳасида шундай бир нарса борки, бир оғиз гап билан, бир оғиз сўз билан бировнинг тақдирини, бировнинг жавобгарлик масаласини ҳал қилиб бўлмайди. Агар унақа замон бўлса, кечирасиз-у бошбошдоқлик бўлиб кетади. Ҳар бир жиноят бўладими, ҳар бир ҳуқуқбузарлик бўйича терговга қадар текширув бўладими, бунақа пайтда ҳар бир ҳолатга тўпланган ҳужжатлар, далиллар, исботлар мажмуи билан у ёки бу шахснинг ҳаракатига қонуний баҳо берилади. Шунинг учун ҳам мазкур ҳолатда қонун бузилмаганини шаҳар прокуратурасининг қарорида кўрсатганмиз», деди А.Пўлатов.

Журналистлар саволларга берилаётган жавоблардан келиб чиқиб шаҳар прокуратураси томонидан ташкил этилган мазкур брифинг юзага келган ҳолатга аниқлик киритиш учун эмас, балки «Ваҳобов иши» бўйича чиқарилган қарорни ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилганга ўхшаётганини айтиб, прокуратура органлари рўйи-рост кўриниб турган қонунбузарликка нега адолатли ҳуқуқий баҳо берилмаётгани билан қизиқишди.

Журналистларнинг бу каби саволларига А.Пўлатов жавоб берди.

«ЖПКнинг 23-моддасига кўра ҳам, унга асос бўлган Конституцияда ҳам бирор масалада суднинг қонуний қарорисиз айбли деб топилиши мумкинмаслиги белгилаб қўйилган. Терговга қадар текширув давомида ҳеч ким бунақа сўзни ишлатишга ҳаққи йўқ. Ҳатто жиноят иши терговида айбланувчи сифатида жалб қилинганда ҳам, ЖПКнинг 361-моддасига асосан шахсга айб эълон қилиниб айбдор деб топилганда ҳам бу фақатгина тергов органи фикри ҳисобланади ва суднинг ҳукми қонуний кучга киргунга қадар бирор бир шахс айбли деб ҳисобланмайди», дейди шаҳар прокурори ўринбосари.

У ҳар бир шахснинг дахлсизлик ҳуқуқи борлиги, у прокурор бўладими, ҳокимият вакилими, журналист бўладими, видеога олиш учун одамнинг розилиги олиниши керак, деб ҳисоблашини билдирди.

Қуйида матбуот анжуманида бўлиб ўтган савол-жавобларнинг аҳамиятга молик қисмлари келтирилади.

Мусулмонбек Иброҳимов, «Daryo.uz» мухбири:

– Бу «Жамоатчилик назорати тўғрисида»ги қонунга зид бўлади. Видеодаги ҳолат бу одамнинг (Ваҳобов) шахсий ҳаётимас. Рухсат тўғрисида қайта-қайта гапиряпсиз, лекин кўчада икки киши бир кишини ураётган бўлса, мен журналист сифатида суратга олишдан олдин улардан жанжални тўхтатиб туришни сўраб, рухсат олишим керакми? Шундай ҳолатлар ҳам бўладики, журналист ўзини таништиришга ҳам улгурмайди. Қолаверса, нега журналистнинг ўзини таништирмаганига қайта-қайта урғу бериляптию, ҳоким ўринбосарининг тажовузи эътибордан четда қолдириляпти?

Алиакбар Пўлатов, шаҳар прокурори ўринбосари:

– Мен сизларга қонундаги нормани айтяпман. Қонундаги норма асосида журналист рухсатсиз бировнинг шахсий дахлсизлигини бузишга ҳақи йўқ.

Сайёд Жумабоев, шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори:

– Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Абдурасул Ваҳобов тушунтириш хати берган. Ўзини келиб таништирмагани учун, яъни бостириб келиб видеога олиб турган ҳолатда уларга нисбатан ўша видео кўрсатилган воқеа юз берган.

Аброр Зоҳидов, «Kun.uz» мухбири:

– Ҳоким ўринбосари мухбирни аввалдан таниганми-йўқми?

Алиакбар Пўлатов, шаҳар прокурори ўринбосари:

– Ходим таниганинимас, таништирмагани ҳақида айтяпти-ку?

Сайёд Жумабоев, , шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори:

– Сиз ҳозир танимаганлик билан таништирмаганликни адаштираяпсиз.

Дилафрўз Жўраева, «MY5» телеканали мухбири:

– Танимаганман деган. Бизда видео бор.

Журналистлар Раҳматилло Исроилов ҳоким ўринбосаридан ер талаб қилгани терговга қадар текширув давомида тасдиғини топгани юзасидан изоҳ беришни сўрашди.

Сайёд Жумабоев, шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори:

– Бу ҳолатга изоҳ бериб кетаман. Яъни сизлар айтаётган ҳолатда пора бериш ҳақида, пул миқдори ҳақида умуман ҳеч қанақа гап-сўз бўлмаган. Пул миқдори, сиз айтаётган бир миллион доллар, улар фараз қилинган масала. Бу ҳақда мана ўзидан ҳам сўрасангиз бўлади. Яъни, пул ҳақида умуман гап бўлмаган, мукофот ваъда бериш ҳолатлари бўлмаган. Ваҳобов берган тушунтириш хатига кўра, 2019 йил январь ойида, Ғалаба боғи қурилиши режалаштирилган Собир Раҳимов ҳайкали олдида мухбир 1 гектар бўш турган ер майдонини ажратиб беришда ёрдам сўраган. Ана шу ёрдам эвазига улар томонидан кейин бирон бир пул мукофоти, бошқа бир ҳолат бўлмаган.

Аброр Зоҳидов, «Kun.uz» мухбири:

– Мухбир ер сўраганига исбот борми?

Сайёд Жумабоев, шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори:

– Ваҳобов тушунтириш хатида шундай деяпти: «Келди, илтимос қилди, илтимос, шуни ҳал қилиб беринг, ҳал бўлгандан кейин мен сизни рози қиламан, деган гаплар бўлган».

Ваҳобов бу масала унинг ваколатига кирмаслиги, бу Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида амалга оширилишини тушунтириб жавобини берганини айтган. У берган тушунтиришга кўра, мухбир илтимос билан чиққан, лекин сумма ҳақида гап бўлмаган. «Ака, ёрдам беринг, шу масалани ҳал қилиб беринг, илтимос» деб айтган. Тушунтириш хатида бу гап бўлишидан олдин Самарқанд вилоятидан келгани, моддий аҳволи қийинлиги, ойлик иш ҳақи камлигини таъкидлаб ўтганини кўрсатган.

Журналист Исроиловдан тушунтириш олганимизда эса у бу ҳолат умуман бўлмагани, Ваҳобовни 2019 йил август ойида биринчи марта кўрганини таъкидлади.

Аброр Зоҳидов, «Kun.uz» мухбири:

– Сизнинг фикрингиз сўраляпти, терговга қадар текширув олиб боргансиз. Шунақа ҳолат бўлганми-йўқми?

Сайёд Жумабоев, шаҳар прокуратураси бўлим катта прокурори:

– Бу ҳолатни ўртада бошқа одамлар кўрмаган. Далил-исботи йўқ. Бу киши (А.Ваҳобов) ўзининг фикрида турибди, улар (Р.Исроилов) ўзининг фикрида турибди. Сумма ҳақида гап йўқ. ЖКнинг 211-моддасини ўқисангиз ҳам аниқ ўша мансабдор шахс ваколатига кирган муайян ҳаракатни бажариши ёки бажармаслиги эвазига моддий манфаатдор бўлиш жиноят таркиби аломатлари бўлганда, демак, мухбирга нисбатан пора бериш билан биз айбласак бўларди, лекин бу ҳолат йўқ. Чунки сумма ҳақида гап йўқ. Биз ЖКнинг 139-моддасида кўрсатилган жиноят таркиби аломатларини аниқламадик.

Жамшид Ниёзов, «Kun.uz» мухбири:

– Агар журналист пора таклиф қилгани исботланганда, у жавобгарликка тортилган бўларди, тўғрими? Мана юқорида айтиляптики, терговга қадар суриштирув давомида унинг пора таклиф қилгани исботини топмади. Лекин пора таклиф қилгани ҳақида даъво бор. Исботини топмагандан кейин даъво асоссиз. Асоссиз даъво қилган, яъни туҳмат қилган одамга қонуний тартибда чора кўрилиш керак эмасми?

Алиакбар Пўлатов, шаҳар прокурори ўринбосари:

– Қўшимча терговга қадар текширув давомида шаҳар прокурорининг Тошкент шаҳар ҳокимига киритган тақдимномаси асосида бевосита ҳокимлик томонидан хизмат суриштируви ўтказилган ва Олмазор тумани ҳокими ўринбосари шу тақдимнома асосида ўз вазифасидан озод қилинган. Бизнинг текширувимиз якуни бўйича шундай хулосага келганмизки, мана шу лавозимидан озод қилиниши давлат органларида 20 йилдан бери хизмат қилаётган ходим учун, менимча, ундан ортиқ жазо ҳам нимамас. Прокуратуранинг позициясини сизларга ёритдим.

Икром Наримов, шаҳар прокурори биринчи ўринбосари:

– Ҳозир бу ерда айтиб ўтилдики, кечирим сўраш тўғрисида. Мана ҳозир ҳаммамиз шунча гап айтдик, булар (А.Ваҳобов) ўзлари келган эканлар, буларнинг ўзининг виждонига ҳавола. Биз буларнинг ўзига қўйиб берамиз. Битта нарсани тушунтириб ўтай, тақдимномаям прокурор таъсир чораси ҳисобланади. Прокурор таъсир чораси оқибатида 20 йилдан бери ишлаган шахс ҳокимият органидан ишдан бўшатилди. Бу қайсидир томоннинг ёнини олишмас, умумий объектив ҳолатга баҳо берилган таъсир чора оқибатида келиб чиққан жазо тури. Бу – иш берувчининг ўзининг жазо тури. Буни шунақа деб қабул қилинглар-да. Иккинчидан, мухбиримиз ҳақиқатан эшитган гапларидан эзилаётган бўлса, изтиробда бўлса, у кишининг ҳуқуқи бор. Ўзининг ҳуқуқи асосида бемалол мурожаат қилиши мумкин бизга. Биз уни кўриб чиқамиз, кейин баҳосини берамиз. [Ҳозирги қарорда] умумий ҳолатга баҳо берилган. Шахсий ҳақоратланган деган маънога олиб келаяпсизлар-да.

Алиакбар Пўлатов, шаҳар прокурори ўринбосари:

– Тошкент шаҳар прокуратурасининг қарори якуний эмас. Қарор ҳали назорат тартибида ўрганилади. Журналист бу бўйича мурожаат қилади бизга ё Бош прокуратурага. Бу қарор юқори турувчи прокурор томонидан яна бир марта ўрганилади.

Мусулмонбек Иброҳимов, «Daryo.uz» мухбири:

– Демак, тадбирдан хулоса қиладиган бўлсак, Kun.uz мухбири журналистик этика қоидаларига зид ҳаракат қилганми?

Алиакбар Пўлатов, шаҳар прокурори ўринбосари:

– Мазкур ҳолатда терговга қадар текширув давомида фаолиятларингни тартибга солувчи қонуннинг мен юқорида айтган моддаси бўйича ҳақиқатда журналистлик этикасига амал қилмаган. Яна бир марта такрорлайман. Қарор назорат тартибида ўрганилади юқори турувчи прокурор томонидан ва бекор қилиниши мумкин.

Қисқа хулоса ва маълумотлар:

  • Матбуот анжумани атайин айни шу масалага аниқлик киритиб олиш учун ташкил этилгани айтилган бўлса-да, журналистларнинг фикрига кўра айтарли бирор масалага аниқлик киритилмади.
  • Йиғилишда шаҳар прокурори ўринбосари А.Пўлатов журналистларга ҳуқуқшунос эмасликлари, тушунмаган нарсаси ҳақида фикр билдирмасликларини тушунтириб қўйди.
  • Кескин баҳс ва мунозаралар билан ўтган мазкур анжуманда Ваҳобов туҳмат қилганмиди ёки ёки Исроилов тамагирлик қилганми, деган саволга аниқ жавоб берилмади.
  • Йиғилишда, бу қабул қилинган қарор якуний эмаслиги, манфаатдор шахслар шикоят билдирса, Бош прокуратура томонидан назорат тартибида кўриб чиқилиши мумкинлиги эслатиб ўтилди.
  • Маълум бўлишича, мухбир Р.Исроилов шаҳар прокуратураси қабул қилган мазкур қарордан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига шикоят йўллаган.
  • Мазкур шикоят Бош прокуратурада кўриб чиқилиши билан боғлиқ жараёнларни кузатишда давом этамиз.

Эслатиб ўтамиз, Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари Абдурасул Ваҳобов шу йилнинг 14 август куни Kun.uz сайти ходимларига таҳдид қилгач, бу воқеа ижтимоий тармоқда резонанс келтириб чиқарганди.

Аввалига Тошкент шаҳар прокуратураси Ваҳобовнинг сайт ходимларига нисбатан хатти-ҳаракатлари юзасидан текшириш ўтказиб, якунда бирор бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмагани сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этган эди.

Кейинроқ, Ваҳобов лавозимидан озод этилгани, унга нисбатан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги қарор Бош прокуратураси томонидан бекор қилиниб, қўшимча ўрганиш учун шаҳар прокуратурасига юборилди. 19 октябрь куни ҳолат юзасидан ўтказилган қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари якуни бўйича Олмазор тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари А.Ваҳобов ва Kun.uz мухбири Р.Исроиловнинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмагани сабабли жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Прокуратуранинг Ваҳобов бўйича қароридаги парадокс ҳақида таҳлилий материалда пора таклиф қилгани рост бўлса, мухбир жавобгарликка тортилиши кераклиги, собиқ ҳоким ўринбосарининг мухбир ҳақида айтган гаплари исботланмаса, унда у жавобгарликка тортилиши лозимлиги таъкидланган эди.

Мавзуга оид