Жорий йилдаги “Ташаббусли бюджет”нинг биринчи мавсумида Навоий вилояти Қизилтепа тумани “замҳоким”ининг қўштирноқ ичидаги ватанпарварлиги қизғин муҳокамаларга сабаб бўлганди. У Zoom орқали ўтказилган онлайн мажлисда тумандаги ташкилот раҳбарларига кечгача 50 тадан овоз йиғишни буюрган, акс ҳолда ким бўлишидан қатъи назар ишдан бўшатиб юбориш билан таҳдид қилганди

Шундан сўнг, Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат масалалари бўйича миллий комиссия ҳолат юзасидан ўрганиш ишлари бошланганини маълум қилди. Прокуратура ва меҳнат инспекцияси ўтказган ўрганишда ҳоким ўринбосарининг ҳаракатларида ҳуқуқбузарлик аниқланиб, унга нисбатан МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинланганди.

Қизилтепадаги ташаббусларнинг кейинги тақдири нима бўлди?

Жорий йилнинг 8 апрел куни Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Қизилтепа тумани ҳокимлигига хат билан мурожаат қилиб, мажбурий тарзда овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритиш ҳамда 1 кун ичида вазирликка маълумот тақдим этиш бўйича сўров жўнатганди. Ўз навбатида, маскур ҳудуддаги ғолиб лойиҳаларнинг эълон қилиниши кечиктирилганди.

6 июл ҳолатига кўра, биринчи мавсум якунлари бўйича Қизилтепа тумани бўйича ғолиблар ҳали ҳам эълон қилинмаган.

ИМВ ахборот хизмати Kun.uz’га ҳолат бўйича қушимча изоҳ бера олмаслигини билдирди. Қизилтепа туман ҳокимлиги ахборот хизмати эса мансабдор шахс тегишли тартибда жазолангани ва мажбурий тарзда овоз тўпланган лойиҳаларга аниқлик киритилиб, кўзда тутилган муддат ичида вазирликка жавоб хати юборилганини маълум қилди.