Жаҳон | 10:40 / 17.11.2019
7575
2 дақиқада ўқилади

Эрон расмийлари намойишчиларга нисбатан кескин чоралар кўрилишидан огоҳлантирди

Фото: EPA/STRINGER

Эрон фуқаролари қонун доирасида норозилик намойишлари уюштиришга ҳақли, бироқ намойишлар вақтида вандаллик ҳолатлари давом этса, хавфсизлик кучлари “ўз мажбуриятларини бажаришни” бошлайди. Бундан Эрон ички ишлар вазири Абдулризо Раҳмоний Фазлий огоҳлантирди

Унинг таъкидлашича, намойишчилар ўзларининг ноқонуний ҳаракатлари билан аҳолига кўплаб муаммолар етказган. Жумладан, жамоат мулки, автомобилларга шикаст етказилган ҳамда йўллар тўсилгани сабабли одамлар тирбандликларда туриб қолган.

Фазлийнинг айтишича, хавфсизлик кучлари шу кунгача босиқлик кўрсатиб келди, бироқ тартибсизликлар давом этса қатъий чоралар кўради. 

“Ҳар қандай вазиятда мамлакат хавфсизлиги ва одамлар осойишталиги ҳуқуқ-тартибот идоралари, хавфсизлик кучлари ва қуролли кучларнинг устувор вазифаси ҳисобланади”, деб қўшимча қилган вазир.  

16 ноябрга ўтар кечаси Эроннинг бир нечта шаҳрида бензин нархи кўтарилишига қарши намойишлар бошланди.  

Таъкидланишича, Эронда хусусий автомобилларга ҳар ой 60 литр бензин арзонлаштирилган нархда сотилади. Ҳукумат бензин нархини 50 фоизга оширишга қарор қилгач, чеклов доирасидаги бензин нархи 10 мингдан 15 минг риалгача (30 центдан 45 центгача), лимитдан ошгани эса 30 минг риалгача (90 центгача) кўтарилган.

Мавзуга оид