23:45 / 17.11.2019
0
7715

Комиссия йиғилиши, ёшлар ва шаҳар раҳбарияти билан учрашув, фуқаролар учун қабул — Танзила Норбоеванинг Самарқанддаги бир куни

Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш республика комиссияси раиси Танзила Норбоева иштирокида одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилиш бошланишидан аввал Т.Норбоева 80 ёшини қаршилаган «Нуроний» жамғармаси Самарқанд вилоят бўлими раиси, Ўзбекистон қаҳрамони Ҳасан Нормуродовга президент табригини ўқиб эшиттирди. Нуроний юбилярга совғалар берилди.

Т.Норбоева мажбурий меҳнатга барҳам бериш масалаларига тўхталар экан, жаҳон ҳамжамияти олдида бу мамлакат имижини яхшилаш йўлида энг муҳим омил эканлигини айтиб ўтди.

Хорижда ишлаётган фуқароларга ҳуқуқий ёрдам бериш масалаларига тўхталар экан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фақатгина ўзи юборган фуқароларга ҳар томонлама кўмак кўрсатиб, қолган фуқаролар беэътибор қолаётгани айтиб ўтилди.

Одам савдосига қарши курашиш масаласи юзасидан олиб борилаётган ишлар борасида сўзга чиққан Самарқанд вилояти ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов шундай деди:

«Вилоятда мажбурий меҳнат ва одам савдосига қарши курашишда жазонинг муқаррарлигини таъминлаш, одам савдоси қурбонига айланиб қолишнинг олдини олиш ва бундан жабр кўрганларга ижтимоий кўмак беришга алоҳида эътибор қаратилаяпти.

Жорий йилнинг 10 ойида вилоятда одам савдоси билан боғлиқ 8 та ҳолат аниқланган. Мазкур жиноятларда 10 нафар шахсларнинг жиноий жавобгарлиги таъминланган. Ҳисобот даврида чет давлатлардан турли сабабларга кўра депортация қилинган 273 нафар шахс билан якка тартибда профилактик ишлар олиб борилган».

Сўзга чиққан вилоят бандлик бош бошқармаси бошлиғи А.Усмоновнинг маълумот беришича, вилоятдаги корхона ва ташкилотларида 13 та ҳолатда мажбурий меҳнат кўринишлари аниқланган.

Жорий йилги пахта йиғим-терими жараёнида Самарқанд вилояти бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси ҳудудий давлат меҳнат инспекторлари томонидан 86 та мониторинг ишлари олиб борилган.

Мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида вилоят бандлик бош бошқармасининг давлат меҳнат инспекцияси томонидан 2019 йилнинг ўтган 10 ойи давомида фуқаролардан келган мурожаатлар асосида 18 та корхона ва ташкилотда мажбурий меҳнатга жалб этиш ҳолатлари ўрганилган ва 13 та ҳолатда мажбурий меҳнат кўринишлари аниқланган ҳамда айбдор шахсларга нисбатан маъмурий ишлар қўзғатилган.

Шу куни Самарқандда хизмат сафарида бўлиб турган Т.Норбоева ёшлар билан ҳам учрашув ўтказди. Унда Сенат раиси парламент фаолияти, қонунчилик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий йил 22 декабрь куни бўладиган сайловлар ҳақида сўз юритди. Шундан сўнг ёшларнинг савол, таклиф ва истаклари эшитилди.

Шундан сўнг ёшлар марказида Сенатга ариза йўллаган фуқаролар билан ҳам Сенат раисининг учрашуви бўлиб ўтди. Улар билан суҳбатлашиб, арзлари тингланди. Қабул вақтида билдирилган муаммо ва таклифлар юзасидан мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди. Сенат раиси қабули вақтида фуқаролар кўтарган кўпчилик масалаларга шу ернинг ўзида ечим топилди.

Иш куни ниҳоясида Т.Норбоева Самарқанд шаҳар ҳокимлигида Халқ депутатлари Самарқанд шаҳар кенгаши фаолияти билан танишди. Шаҳар аҳолиси фаровонлигини таъминлаш масалаларида олиб борилаётган ишлар, мавжуд муаммолар, жорий йилнинг 22 декабрь куни ўтказиладиган сайлов жараёнларига тайёргарлик масалалари билан қизиқди.

Фото: senat.uz

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Kun.uz мухбири
Фахриддин ҲОТАМОВ, фотомухбир.

Ушбу хабарга фикрингизни билдиринг. Бунинг учун авторизациядан ўтишингиз керак!
Top