Жамият | 21:40 / 17.11.2019
20467
3 дақиқада ўқилади

Паст Дарғомда кўча юзидаги соғлом дарахтлар кесилди — Мораторий нега инкор этиляпти?

Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани марказида жойлашган кўча юзидаги кўп йиллик дарахтлар кесиб ташланаётгани ҳақида таҳририятимизга мурожаат келиб тушди. Аниқроғи, дарахт кесишга мораторий жорий этилганидан бохабар ва бефарқ бўлмаган фуқаролар вазиятнинг фотосуратларини жўнатишди.

Биз — Kun.uz мухбирлари воқеани ўрганиш учун зудлик билан Паст Дарғом туманига йўл олдик.

Туман ички ишлар бўлими капитал таъмирланаётган экан. Ички ишлар бўлимининг ҳудудидан ташқарида дарахтлар кесилганига гувоҳ бўлдик.

Тез орада туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходимлари ҳам етиб келишди. Дарахт кесиш ҳақида ҳужжат сўрашди. Туман ИИБ хўжалик ишлари мудири Воҳид Рўзиев «ягона дарча»га мурожаат қилиб, дарахт кесиш учун рухсат олинганини айтди.

Бироздан сўнг В.Рўзиев рухсатномани ҳам келтириб кўрсатди. Бироқ унда туман ИББ ҳудудидаги иккита арча ва қуриган ўрикни кесишга рухсатнома берилган экан.

Айни биз устига борган ҳолатда эса туман ободонлаштириш бошқармаси тасарруфида бўлган ҳудудида дарахтлар кесилаётган эди.

Туман экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бош мутахассиси Жасур Негматов республикада бу борада мораторий жорий қилингани, дарахтларни кесиш мумкин эмаслиги ва бу хатти-ҳаракат жавобгарлик келтириб чиқариши ҳақида тушунча берди.

Кейин аниқлашимизча, нарироқда — туман молия бўлими қаршисидаги кўчада ҳам дарахтлар кесилган экан. Кимдир халақит берган чоғи, битта дарахтга арранинг тиғи ботирилган, лекин кесилмасдан қолиб кетибди.

Бизга маълум қилишларича, туман ободонлаштириш бўлимида ишловчи «Саша» исмли шахс бу дарахтларни кесишга бош-қош бўлган. Қолган тўнкаларидан дарахтларнинг барчаси соғлом бўлгани кўриниб турибди.

Тумандаги мутасаддилар республикада дарахт кесишга мораторий жорий қилинганидан хабардорми ёки йўқ? Ё республика миқёсида чиқарилаётган норматив ҳужжатларга беписандликми бу?

Энди қаранг: Воқеа туман ИИБнинг олдгинасида содир бўляпти. Ким бу ҳуқуқбузарликни содир этгани аниқланиб, айбдорлар қонунда белгиланганидек жазоланармикан?

Энг қизиғи — биз вазиятни тасвирга олиб, таҳририятга етиб келганимизда содир бўлган. Кимнингдир буйруғи билан дарахтларнинг тўнкаси экскаватор ёрдамида қўпориб ташлашга киришилган.

Бу ҳаракатдан мурод нима? Изларни йўқотишми ёки… Чунки аввал ҳам Паст Дарғомда йўл четидаги арчалар кесиб ташланганига гувоҳ бўлган эдик. Ўтган сафар айбдорларга бирор чора кўрилгани ҳақида хабарсиз қолдик.

Хўш, мазкур ҳолатда ўзи дарахтларни кесишга ким рухсат берган? Рухсат берилмаган, ўзбошимчалик билан амалга оширилган бўлса бу ҳуқуқбузарликка бирор чора кўриладими ёки йўқми?

Хўш, ёпиғлиқ қозон яна ёпиғлигича қолиб кетаверадими? Биз вилоятдаги мутасаддилардан бу борада жавоб кутиб қоламиз.

Шуҳрат ШОКИРЖОНОВ, Фахриддин ҲОТАМОВ (тасвирчи),
Kun.uz мухбирлари

Мавзуга оид